Аҳамиятли томони, супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (13-0, 5 КО) янги рейтингда бир ой аввалги поғонасидан икки поғона юқорилаб 2-ўринга кўтарилди. У ҳамон WBC Silver камари соҳиби сифатида кўрсатилмоқда. WBC мазкур рейтинг етакчиси туркиялик Авни Йилдиримни (21-2, 12 КО) чемпионлик камари учун расмий даъвогар сифатида эълон қилди ва чемпион Давид Бенавидес (22-0, 19 КО) билан тез орада жанг ўтказиши бўйича буюртма берилди. Айнан мана шу жангдан сўнг Азизбек Абдуғофуров чемпионлик учун биринчи рақамли мажбурий даъвогарга айланади.
Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) эса рейтингда бир ой олдинги ўрнини сақлаб қолган ҳолда 5-ўринда бормоқда. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 11-ўринларни эгаллаб турибди.
Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда яна беш нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.
WBC кенгайтирилган рейтингидан супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) яна бир поғона юқорилаб 22-ўринда қайд қилинган. Ушбу вазн тоифасининг яна бир вакили Шоҳжаҳон Эргашев (17-0, 15 КО) ҳам бита ўрин кўтарилиб, 28-поғонани банд этиб турибди. Мазкур вазннинг яна бир вакили WBC Asia чемпионлик камари соҳиби Анвар Туропов эса (5-1, 4 КО) бир поғона пастлаб 39-ўринда қайд қилинган.
Шунингдек, янгиланган рейтингда супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (4-0, 4 КО) ўтган ойдаги бир йўла 9 поғона юқорилашдан сўнг бу сафар уч поғона пастлаб 34-ўриндан жой олган. Ўта оғир (+90,7 кг) вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов (6-0, 6 КО) 39-ўринни сақлаб қолган.
Фикрлар