Халқ ўйинлари, тоғ чанғиси ва сноуборд: "Chimgan challenge-2022" халқаро спорт фестивали якунига етди
18 февраль куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Chimgan challenge-2022” қишки экстремал ва оммавий спорт турлари фестивали бўлиб ўтди.
Расмий очилишда туризм ва спорт вазирининг Оммавий спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Абдулла Асланов ва Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бабажанов сўзга чиқишди. Шундан сўнг, дор йўлининг юқори қисмидан чанғичилар ҳамда сноубордчиларнинг Ўзбекистон Республикаси байроқлари билан тантанали тушиши бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган фестивалда Қозоғистон, Қирғизистон, Франция, Германия, Корея каби давлатлардан қишки спорт турлари бўйича спортчилар, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга масъул давлат идоралари вакиллари, спорт мухлислари иштирок этишди.
Тадбир қатнашчилари қишки спорт турлари, тоғ чанғиси ва сноуборд, арқон тортиш ҳамда ўқ отиш каби халқ ўйинлари бўйича беллашишди. Фестивалнинг илк кунида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга масъул бўлган давлат хизматчилари учун ўқув-семинари ташкил этилган бўлса, иккинчи куни шахмат, мини-футбол ва бадминтон бўйича ўзаро баҳс олиб боришди. Тадбир сўнгида ғолиблар тантанали равишда тақдирланишди.
Фестивал давомида иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотиш мақсадида замонавий ҳамда миллий мусиқа ва фолклор жамоалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Миллий оркестри чиқиш қилишди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмнинг бошқа турлари қатори тоғ туризмини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда, сабаби Ўзбекистон нафақат қадимий шаҳарлари, балки, бетакрор тоғлари билан ҳам машҳур. Таъкидлаш жоизки, мамлакатда туризм мавсумдан қатъий назар, йил давомида мавжуд.
Фикрлар