Хамзат Чимаев Камару Усманни бўғиб қўйишига ишонмайман! (Таҳлил)
Сўнги кунларда UFC оламида катта шов-шувлар юзага келди. Жумладан, “UFC 294” турнирининг икки марказий жангида ҳам ўзгариш юзага келди. Ислом Махачевга қарши асосий тўқнашувда октагонга кўтарилувчи Чарльз Оливейрани ўрнини Александр Волкановски эгаллаган бўлса, иккинчи марказий жангда яна бир бразилиялик Пауло Коста ўрнини Камару Усман тўлдирди ва у Хамзат Чимаевга қарши жанг қилади.
Биз уларнинг дастлабкиси Чимаев-Усман қарама-қаршилиги ҳақида бироз сўз юритамиз.
- Пауло Костанинг жангдан чиқиши мухлисларни катта хавотирга солди. Чунки ҳозирги кунда UFCнинг ёрқин юлдузи Хамзат Чимаевнинг жангини кутаётганлар оз эмасди. Бироқ, Дана Уайт яна топқирлик қилди ва жангга бўлган қизиқишни янада оширган ҳолда, Чимаев учун аввалгисидан-да мураккаброқ рақиб топди. Ҳа, бу ярим ўрта вазн (77,1 кг) тоифаси собиқ чемпиони Камару Усман!
Дархақиқат, Чимаев учун бу рақиб катта бошоғриқ бўлади. Чунки Усман ҳақиқатдан жуда кучли жангчи. Хамзат қўллайдиган исталган услубга қарши мудофааси тайёр бўлган атлет ҳисобланади. Бемалол кураш борасида ҳам баҳслаша олади. “Стойка” борасида ҳам устун бўлса, устундирки, асло кам эмас. Узоқ раундлик жанглар олиб боришда ҳам Усман томонида устунлик. Хуллас, Усман катта ном, жиддий рақиб! Бироқ, унда бир нечта минус жиҳатлар бор. Жумладан, у жангни қисқа муддат оралиғида қабул қилди. Тўғри, у ўрта вазн (83,9 кг)да жанг қилади ва вазн ташлаш борасида муаммо бўлмайди. Бироқ, барибир бундай муҳим жанг ва жиддий рақиб учун тўлиқ машғулот лагери керак бўлади. Усман буни ўтамади. Қолаверса, унинг сўнги жанглардаги мағлубияти руҳий ҳолатига ҳам таъсир ўтказганлиги табиий. Айниқса Эдвардсдан учралган нокаутдан кейин реванш жангида бутунлай бошқа Усманни гувоҳига айландик. Аввалги “монстр” Усмандан хеч нарса қолмаганди. Жуда оғир нокаутдан кейин яна қайта олиш узоқ вақтли муддатни ўз ичига олади. Спортчига “қайтиш” жанглари керак бўлади. Лекин Усман бундай жангларда яна Эдвардс билан дуч келди. Энди эса Чимаев билан. Хуллас, Усманнинг энг оғриқли камчилиги руҳий ҳолатида бўлади. У қанчалик тиклана олганлиги ушбу жанг натижасига катта таъсир ўтказади.
Чимаев эса тўлиқ лагерни ўтказди. У жангга оч бўридек ташриф буюради. Унда мағлубият ва оғир нокаутлар йўқ. У мағлуб бўлиш хисси деган тушунчадан йироқ ва кучли ҳарактер эгаси. Қолаверса, унда иштиёқ юқори. Ушбу жангдаги ғалаба чемпионлик титулини бериши эса янада мотивация беради. Шунингдек, Чимаев Усманга нисбатан тезкорроқ. Хулоса қилиб айтганда, жанг муддатидан аввал якунланади, деб ўйламайман. Чимаев Усмонни бўғиб қўйишига ёки Усман Чимаевни нокаутга учратишига ҳам ишончим комил эмас. Назаримда жанг тўлиқ давом этади ва унда Чимаев очколар ҳисобида ғалабага эришади. Имкониятларни 55/45 дея баҳолаган бўлардим. Албатта, Чимаев фойдасига! Шубҳасиз, бу шахсий фикримиз ва аслида жанг қандай кўриниш олади, 21 октябрь куни билаиб оламиз!
Аҳмадбек Эшматов тайёрлади
Фикрлар