Ханчжоу-2022. Ҳамюртларимиз иштирокидаги барча беллашувлардан онлайн натижалар. LIVE!
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинлари давом этмоқда. Қуйида барча спорт турларидан онлайн натижаларни эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.
Натижалардан онлайн хабардор бўлиш учун саҳифани янгилаб туринг!
12:25. Қиличбозлик. Эркаклар ўртасидаги жамоавий дастурда ҳамюртларимиз нимчорак финал босқичида иштирок этди. Гонгконг термасига қарши кечган баҳсда вакилларимиз 31:45 ҳисобида мағлубиятга учради.
12:35. Спорт гимнастикаси. Асадбек Аъзамов медаллар учун курашда 6-ўрин билан чекланди. Олтин медал япониялик Танигава Ватару, кумуш эронлик Маҳди Олфати ҳамда бронза малайзиялик Муҳаммад Шарулга насиб этди.
12:43. Бокс. -80кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Тўрабек Ҳабибуллаев Саудия Арабистони вакили Муҳаммад Аҳмадга қарши жанг қилди ва 1-раунддаёқ жанг тақдирини ҳал қилган ҳолда, муддатидан аввал ғалабани қўлга киритди!
13:45 Бокс. -92 кг вазн тоифасида Лазизбек Муллажонов кутилмаганда мезбон хитойлик Хан Хуэженга 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва чорак финалда ўз юришини якунлади.
14:30 Гандбол. Аёллар ўртасида гуруҳ босқичидан ўрин олган Таиланд - Ўзбекистон ўйини бўлиб ўтди. Қизиқарли кечган баҳсда терма жамоамиз 40:28 ҳисобида ғалаба қозонди.
Маълумот ўрнида, аёллар терма жамоамиз биринчи учрашувда Жанубий Кореяга 42:16, Қозоғистонга 37:33 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Учинчи беллашувда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси зафар қучди.
Бу гуруҳ босқичидаги охирги ўйинимиз эди. Афсуски, ҳамюртларимиз плей оффга чиқа олмай, Осиё ўйинларини гуруҳ босқичида якунлашди.
15:40. Қиличбозлик. Қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё ўйинларида илк бор финалга йўл олганди. Сингапур ва Хитой мағлуб этилгандан сўнг олдинда Японияга қарши муҳим баҳс бўлиб ўтди. Шиддатли руҳда кечган беллашувларда терма жамоамиз якуний 45-42 ҳисобида ғалаба қозониб, тарихий ғалаба ва олтин медалларга эга чиқди.
Бу қиличбозлик спортида Осиё ўйинларида қўлга киритилган биринчи олтин медаль.
16:30. Енгил атлетика. 400 метрга югуриш баҳсларида Лайло Аллаберганова ўзи иштирок этган гуруҳда 55.01 натижа билан учинчи бўлиб маррага етиб келди. Бу натижа орқали ҳамюртимиз финалга йўл олди.
17:15. 3x3 Баскетбол. бу спорт тури бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мезбон Хитой билан куч синашди. Беллашувда мусобақа фаворити саналган Хитой вакилларимизни 21:4 ҳисобида енгди.
17:30. Киберспорт. "DOTA" ўйини бўйича Ўзбекистон вакиллари Мўғулистон билан куч синашди. Аммо ҳамюртларимиз 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Энди киберспортчиларимиз бугун Мьнмарга қарши ўйин ўтказади.
Фикрлар