Хавфли вазият яратган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Италия А Сериясининг 25-туридан ўрин олган “Специя” ва “Верона” ўртасидаги тўқнашув мухлису мутахассислар диққат марказидаги ўйинлардан бўлди.
Сабаби юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун ўзаро рақобатлашаётган ҳар икки жамоага уч очко сув ва ҳаводек зарур эди.
Баҳсга мезбонлик қилган Лигурия клуби 20-очко билан 17-поғонада қайд этилганди. “Верона” эса, ҳисобига 17 балл билан хавфли ҳудуднинг энг юқори қатори – 18-ўриндан жой олган.
Бу учрашув натижасида ғалаба қайд этилган тақдирда мусобақа жадвалида ўзгариш бўлиши керак эди. Шу боис, ҳар икки томон кескин ва муросасиз ҳаракат қилди. Ўйиннинг 75-дақиқасида Леонардо Семпличи захирадан майдонга Элдор Шомуродов ва Виктор Коваленкони туширгани устунликни “Специя” томонига оғдирди.
Шунга қарамай, шу куни гол уриш ҳеч бир футболчига насиб қилмади. “Специя” фаолиятини ёритиб бораётган https://www.calciospezia.it сайти экспертлари жамоа футболчиларининг ўйинини қуйидагича баҳолади.
Бартломей Драговски 7:
Биринчи бўлимда польшалик посбонни рақиб футболчилари безовта қила олмади. Лекин баҳснинг иккинчи ярмида Драговски бир неча вазиятда ишончли ўйнади ва хавфни бартараф эта олди. Бу посбон жамоасининг рақибдан очко олишига катта ёрдам берди.
Келвин Амьян 6:
Биринчи бўлимда “Верона” анча устунлик қилди. Лекин рақиб футболчиси Дарко Лазович Амьян тўсиғидан ўта олмади. Ўйиннинг иккинчи ярмида Элдор Шомуродовнинг тўп узатишидан кейин зўр зарба берди. Бироқ, “Верона” посбони Симоне Перилли жамоасини қутқарди.
Итан Ампаду 6:
Анча фаол ўйнади, Адольфо Гайч билан ўзаро рақобатда унга имкониятни бой бермади. Кўпинча кучлар тенг келди.
Димитриос Николау 5:
Иккита қўпол хато кузатилди. Биринчи бўлимда тўпни Дарко Лазовичга олдириб қўйди. Иккинчи таймда эса Яя Каллонга қаршилик қила олмаганидан кейин рақиб дарвозабон билан яккама якка қолди. Драговски жамоани қутқарди.
Аркадиуш Реца 6.5:
“Специя”нинг ўйиндаги устунлиги кўп жиҳатда Рецанинг ҳаракатларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Фаол ўйнади, лекин баҳснинг охирида огоҳлантириш олди ва “Интер”га қарши бўладиган навбатдаги баҳсда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Меҳди Бурабия 6:
Жамоадоши Альбин Экдаль асосий эътиборини ҳимояга қаратган паллада Бурабия плеймейкерлик масъулиятини ўз бўйнига олмоқда. У бир вазиятда Мбала Нзолани қулай вазиятга чиқарди. Бироқ, ҳужумчининг зарбаси устунга тегиб қайди.
Виктор Коваленко 6:
75-дақиқада Бурабиянинг ўрнига майдонга тушган футболчи ўйинга тез киришиб кетди. Украиналик ярим ҳимоячи ҳужум уюштириш ва зарба беришга ҳаракат қилди. Лекин дарвозани аниқ нишонга ола билмади.
Альбин Экдаль 6:
Бу футболчи бор эътиборини рақиб ҳужумларини бузиш ва жамоасига олдинга ўтиш учун вазият яратишга қаратди. Биринчи бўлимда рақибнинг иккита хавфли ҳужумини тўхтатиб қолди.
Даниэле Верде 5,5:
Верде кенг майдон бўйлаб ўйнашга ҳаракат қилгани, кўп югурганига қарамай, ўзининг даражасида ўйнай олмади.
Шимон Журковски 6:
64-дақиқада Верденинг ўрнига майдонга тушиб, ҳужумни кучайтира олди. Жароҳатидан қутилиб, яна сафга қайтган футболчи ҳужумдаги жамоадошларига аниқ паслар оширишни уддалади.
Кевин Агудело 5.5:
Дастлабки ярим соатда “Верона”нинг босими уни ўйиндан чиқариб қўйди. Кейинроқ, сал фаоллашди. Нзола ва Рецага тўп етказиб бергани билан эсда қолди.
Элдор Шомуродов 6:
75-дақиқада Агуделонинг ўрнини эгаллаган легионер ўйинни анча кучайтирди. Шомуродов ишончли ва чиройли ўйнади. Бир неча маротаба ҳужум уюштирди. Сўнгги дақиқаларда ажойиб комбинация билан жамоадоши Амьянни қулай позицияга чиқарди. Хавфли зарбани рақиб посбони қийинчилик билан қайтариб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Ҳамма Шомуродов голлар ҳисобини очишини кутмоқда.
Эммануэль Гьясси 5.5:
Одатдагидек, фаол бўлишга ҳаракат қилди. Кўп вазиятларда жамоадошларининг хатоларини тўғрилади. Ҳужум уюштиришга уринди. Ҳужумкор футболчи бўлишига қарамай, бирор маротаба зарба бермагани унинг баҳосига таъсир қилди.
Мбала Нзола 6:
Биринчи бўлимда унга тўп етиб келмади. Биринчи бўлим охирларида вазиятдан фойдалана олмади. Иккинчи бўлимда унинг зарбаси дарвоза устунига тегди. Гол уриш унга насиб қилмади.
Леонардо Семпличи 6:
“Специя”ни қабул қилиб олганидан кейин қисқа фурсатда жамоа ўйинини ўзгартира олди. Жамоа анча жонланган. “Верона”га қарши баҳс аввалида меҳмонлар анча устунлик қилди. Лекин секин-аста мезбонлар вазиятни ўнглади.
Иккинчи бўлимда ўйинчи алмаштириш орқали устунликни “Специя” томонига оғдирди. Айниқса, Элдор Шомуродовнинг майдонга тушгани ҳужумкорликка ижобий таъсир кўрсатди. Ўзбек футболчиси Амьянни қулай позицияга чиқарди.
“Специя” навбатдаги учрашувни ҳам ўз майдонида ўтказади. Жамоа 10 март куни “ИНтер”ни қабул қилади.
Фикрлар