Хайрулла Ҳамидов жанубнинг уйғониши, кутилган ҳодиса, Қаршига яхшигина қаршилик ва тақвимнинг фарқи йўқ жамоа ҳақида (1-қисм)
Хабарингиз бор, кеча Суперлигада 8-тур ўйинлари ортда қолди. Унда кутилмаган натижалар билан бирга эътиборни тортадиган ҳолатлар ҳам кузатилди. Булар ҳақида "Спорт" телеканали шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ижтимоий тармоқдаги ўзининг саҳифасида "8-турдан кейинги хулосаларим" дея номланган мақоласини эълон қилди.
Суперлигамизнинг навбатдаги тур ўйинлари ҳам ёмон ўтмади. Ҳар ҳолда, еттита ўйиннинг ичида кутилмагани бор, камбэки бор, шиддатлиси бор ва... кутилганларини ҳам кўрдик. Рейтинг табиийки муҳимлик даражаси билан тузилган.
ЖАНУБНИНГ УЙҒОНИШИ
СУРХОН – БУХОРО – 1:0
Кўпчилик шу натижани кутган бўлса-да, аслида термизлик футболчиларнинг охирги натижаларидан келиб чиқсак, бу ғалабанинг вазни ўта оғир. Жамоа 7 апрелдан буён ўз мухлисларига уч очколик натижа тақдим этмай келаётганини эслатиш билан кифояланмиз. Ўша Жиззахдаги фантастик ўйин тасодиф бўлган-ов, деган фикр уйғониши бошлангандики, “Бухоро” мағлуб этилди.
Суперлигамизнинг кайфияти барибир зўр – биргина ғалабадан сўнг “Сурхон” учинчи ўринда бораётган “Бунёдкор”дан бор йўғи бир очко кам жамғарган ҳолда, олтинчи ўринда бормоқда. Жанубликлар мамлакатимиз чемпиони билан бўладиган ўйиндан олдин “Қизилқум” билан меҳмонда, “Қўқон” билан уйда ўйнайди, очколар ғазнасини тўлдириб қўйишга яхши имкониятлар...
“Бухоро”нинг бугунги ўйинига, очиғи, нима дейишни билмаяпмиз. Тўплар нисбати деган тушунчани олиб ташласак, айни дамда Ашурматов шогирдлари охирги ўринда боришмоқда, кейинги ҳафта балки "Динамо" билан вазиятни ўнглаб олар, а, нима дейсиз?!
КУТИЛГАН ҲОДИСА
СЎҒДИЁНА – АНДИЖОН – 2:1
Мазкур ўйиндаги натижани шахсан мен кутган эдим. Улуғбек Бақоев клубга келгач, жиззахликлар руҳан ўзгаришди ва ўзларига бўлган ишочни тиклаб олишди. Бақоев жуда муҳим паллада келди ўзи: Илк ўйини “Металлург” билан ва ютса бўладиган клуб. Буёғига мухлислар “Пахтакор” ва “Навбаҳор”дан учралган мағлубиятларни тўғри тушуниб туришлари ҳам мумкин эди.
Аммо клубнинг “Андижон” билан бўладиган ўйинда очко йўқотишга ҳаққи йўқ эди. Шундай бўлиб чиқди ҳам, энди Бақоев шогирдлари июннинг охирида “Локо” билан бўладиган учрашувга қадар ўзи билан тенг клублар билан баҳс олиб боради ва табиийки, мухлислар бу ўйинлардан кўп-кўп очколар кутишмоқда: Олмалиққа меҳмон бўлади, “Бухоро”ни қабул қилади, Навоийга боради, қўқонликларни кутиб олади. Неча очкога умид қилса бўлади, ҳурматли жиззахликлар?!
“Андижон”нинг кейинги рақибларига бир қаранг-да энди: “Пахтакор”ни кутиб олиш ва “Навбаҳор” стадионида “қайнаш”... Сабр тилаймиз!
ҚАРШИГА ЯХШИГИНА ҚАРШИЛИК
НАСАФ – ҚИЗИЛҚУМ – 1:1
Рўзиқул Бердиев шогирдлари уч очко эгаси бўлишади деб ўйлагандим. Бироқ, нотекис ўйин кўрсатаётган навоийлик футболчилар “Насаф”га етарли қаршилик кўрсатишди, қойил. Натижада – икки жамоага ҳам маъқул келмайдиган дуранг! Иккиси ҳам турнир жадвалида у қадар юқорилай олишмади, аммо тушиб ҳам кетишмади, шукр қилишсин.
Кейинги турда қаршилик йигитларни Қўқон сафари кутиб турибди, сўнг “Локомотив” билан уйдаги баҳс. “Қизилқум”да эса, тақвим энди осонлашади: “Сурхон”ни қабул қилади, Самарқандга боради, “Сўғдиёна”ни кутиб олади ва кейингина “Пахтакор” билан ўйнайди. Навоийликларга ҳам ўша савол: Актамов шогирдларидан камида неча очко кутяпсизлар?!
ТАҚВИМНИНГ ФАРҚИ ЙЎҚ ЖАМОА
БУНЁДКОР – ҚЎҚОН 1912 – 2:1
Ҳа, “Бунёдкор” йигитлари (болалари) кайфияти шундай. Академиядан чиққан иқтидорларнинг навбатдаги қурбони – “Қўқон 1912” жамоаси бўлди. Водийликлар “Бунёдкор” билан тенгма тенг ўйнашди ва шунинг ўзиёқ уларга яхши натижа...
“Қалдирғочлар” икки пенальтидан киритилган гол эвазига енгишди-ку, дерсиз, ҳа, кўп финт ишлатадиган, кўп ҳужум қиладиган ва кўпроқ рақиб жарима майдончаси ичида ўйнайдиган жамоалар одатда бошқаларга қараганда кўпроқ пенальти ишлашади-да. Мажбур бўлиб йиқитишади. “Бунёдкор”ни тўхтатиб қолиш шундай хун ҳисобига амалга ошмоқда.
Абрамов шогирдларидан бориб, кейинги турда ким билан ўйнайсизлар, деб сўралса, билишмаса ҳам керак. Ҳақиқатан ҳам, уларга нима қизиғи бор?! Уларни қабул қиладиган темирйўлчилар билан бекободликлар ўйлашсин кўпроқ – бу болаларни қўполлик ишлатмасдан бошқачароқ йўл билан қандай тўхтатиб қолишни. Ишонинг, шу ўйин билан кейинги икки турдан сўнг ҳам Абрамов жамоаси учинчи ўриндаги жойини ҳеч кимга бўшатмаган ҳолда кулиб турса, мен ажабланмайман.
Дарвоқе, 11-турда роҳатланарканмиз: “Бунёдкор” “Насаф” билан тўқнаш келади. Ўҳ, икки ажойиб услубга эга ёш йигитлар ўртасидаги баҳс мавсумнинг энг ажойиб ўйинига айланиб кетса керак.
Фикрлар