Яқинлашиб келаётган ёзги трансферлар даврида Европа футболида катта “кўчишлар” амалга ошиши кутилмоқда. Қуйида айнан ана шулар ҳақида гаплашамиз.

алаба

Давид Алаба (Австрия) – “Бавария”дан “Реал” ёки “Барселона”га

28 ёшли Алаба мавсум якунлангач, “Бавария”дан кетишини аллақачон эълон қилди. Мюнхенликлар унинг ўрнига “РБ Лейпциг”дан Дайот Упамеканони сотиб олади. Футбол тарихидаги энг қиммат эркин агентга айланадиган австриялик ҳимоячига Испаниянинг икки гранди – “Реал” ва “Барселона” асосий даъвогар бўлиб турибди. Алаба Перес билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида хабарлар бор, аммо президентлик сайловида ғалаба қозонган Лапорта уни “Барселона” томонга оғдириб олмоқчи. Айтиш лозимки, испан грандлари футболчига катта маблағ ваъда қилолмайди, лекин уларнинг мавқе ва обрў-эътибори йўқолгани йўқ. Бу эса “Барса” ва “Реал”га ҳали ҳам юлдуз футболчиларни жалб этиш имконини беради.

рамос

Серхио Рамос (Испания) – “Реал”дан “Манчестер Сити” ёки ПСЖга

35 ёшли Рамоснинг “Реал” билан амалдаги шартномаси ёзда ўз ниҳоясига етади ва томонлар ҳозирча ушбу келишувни узайтириш борасида бир қарорга кела олмаяпти. Серхионинг қарори бевосита Алабанинг тақдирига ҳам таъсир қилади. Чунки агар Рамос “Реал”дан кетса, мадридликлар қандай қилиб бўлмасин Давидни қўлга киритишга ҳаракат қилади. “Бавария” футболчиси учун “Реал”дан кетмоқчи бўлиб юрган бошқа бир ҳимоячи – Рафаэль Варан ҳам жой бўшатиши мумкин. “Реал”нинг узоқ йиллик сардори учун аниқ таклифлар мавжуд эмас. Аммо “Манчестер Сити” ва ПСЖ эркин агентга айланадиган тажрибали футболчини ўз сафига қўшиб олиши мумкинлиги айтилмоқда. Ўз вақтида бир неча йил давомида ашаддий рақиб бўлиб келган Рамосни Гвардиоланинг жамоасида кўриш, айниқса қизиқ бўлган бўларди.

ндорн

Жанлуижи Доннарумма (Италия) – “Милан”дан “Ювентус”га

22 ёшли Доннарумма ёзда эркин агентга айланади. Боиси, “Милан” ҳали ҳам у билан шартномани узайтириш бўйича келишувга эриша олмаяпти. Яна чемпионликни қайтаришни мақсад қилаётган “Ювентус” эса ёш иқтидорли посбонни ўз сафига чорламоқда. Яқин 10-15 йил ичида юқори даражада ҳаракат қила оладиган дарвозабон олиш, айниқса Италия футболида муҳим аҳамиятга эга. Агар Жанлуижи Доннарумма “Ювентус”дан кетиш арафасида турган Жанлуижи Буффоннинг ўрнини эгалласа, бу янада ажойиб бўлиши мумкин.

санчо_2

Жейдон Санчо (Англия) – “Боруссия” Дортмунддан “Манчестер Юнайтед”га

Ушбу трансфер ўтган 2020 йилда амалга ошиши мумкин эди, аммо ўшанда немис гранди Санчони 120 млн евродан камига сотишдан бош тортди. Барбод бўлган трансфердан сўнг Жейдоннинг ўйинида бироз пастлаш кузатилди, аммо ҳозир у яна аввалги ҳолатига қайтган ва у яна МЮнинг қизиқишлар марказида бўлиб турибди. Аслида, “қизил иблислар” учун Санчонинг позициясида футболчилар етарли ва унга эҳтиёж йўқ. Бироқ “Юнайтед” раҳбарияти 21 ёшли англиялик футболчини келажакда норвегиялик жамоадоши Эрлинг Холандни “Олд Траффорд”га олиб келишда муҳим роль ўйнайди, деб ҳисобламоқда. Санчонинг трансфери АПЛ грандига тахминан 80-90 млн еврога тушиши мумкин.

мес_1

Лионель Месси (Аргентина) – “Барселона”дан “Манчестер Сити” ёки ПСЖга

Ҳатто Жоан Лапортанинг президентлик сайловларида ғолиб чиққани ҳам Мессини “Барселона”да олиб қололмаслиги мумкин. 33 ёшли аргентиналик футбол юлдузига “Манчестер Сити” ва ПСЖ кўз тиккан. Гарчи Гвардиола билан яна бирга ишлаш яхшироқ кўринаётган бўлсада, Леонинг оиласи Англияда яшашни хоҳламайди. Аммо Париж уни ўзига жалб қила олади. ПСЖда Парадес ва Ди Мария каби Мессининг ватандошлари бор. Бош мураббий Почеттино ҳам аргентиналик. Бундан ташқари, бу жамоада унинг “Барселона”даги собиқ дўсти Неймар тўп суради. Шу боис бу борада ПСЖнинг имкониятлари юқорироқ.

рона_3

Криштиану Роналду (Португалия) – “Ювентус”дан “Реал” ёки МЮга

36 ёшли Роналду ҳам, ҳудди Месси каби шу ёз жамоасини ўзгартириши мумкин. “Ювентус” Криштиануни катта мақсад билан, яъни Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш учун сотиб олган эди. Аммо кетма-кет 3 мавсумдан буён жамоа ярим финалга ҳам чиқа олмаяпти. Шу сабабли “кекса синьора” ундан воз кечиб, янги лойиҳа бошлаши мумкин. “Ювентус” бу орқали Роналдуга тўлаётган ўнлаб миллион евро маблағни ҳам тежаб қолади. Кириштиану эса ўзининг юлдузли онларини ўтказган “Реал” ёки “Манчестер Юнайтед”га қайтиши мумкинлиги айтилмоқда.

мбап_3

Килиан Мбаппе (Франция) – ПСЖдан “Реал”га

22 ёшли Килиан Мбаппе ПСЖнинг янги шартнома борасидаги таклифларини доимий равишда рад этиб келмоқда. Килиан ўз фаолиятининг янги босқичини Зинедин Зидан уни узоқ вақт кутган Мадридда бошлаш ниятида. Футболчининг шахсан ўзида “Реал”га ўтиш истаги борлигини инобатга олсак, бу трансфер албатта амалга ошади. Аммо қачон? Мбаппенинг ПСЖ билан амалдаги шартномаси 2022 йилнинг ёзида ўз ниҳоясига етади ва Париж клуби уни текинга қўйиб юбормаслик учун ҳам шу ёзда сотиб юбориши мумкин. Ушбу трансфер “Реал”га тахминан 180 млн еврога тушиши мумкин.

холанд_1

Эрлинг Холанд (Норвегия) – “Боруссия” Дортмунддан “Барселона” ёки қайсидир топ клубга

Мбаппе ва Холанднинг трансферлари футбол оламининг кейинги ўн йиллик кўринишини белгилайди, чунки бу йигитлар яқин йилларда катта устунликка эга бўлишлари ва кўплаб совринларни ютиб олишлари эҳтимолдан холи эмас. Мбаппе олдида 2 та йўл бор: ПСЖ билан шартномани узайтирган ҳолда Парижда қолиш ёки “Реал”га ўтиш. Аммо Холандга харидорлар кўп ва унинг олдида таклифлар етарлича. 20 ёшли норвегиялик футболчи учун ҳозирда “Челси”, “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити” ва “Барселона” кураш олиб бормоқда. Улар орасида каталонияликларнинг имконияти нисбатан юқори баҳоланмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!