Хомяков "Андижон"нинг "Пахтакор"га ютқазганига қандай изоҳ берди?
Суперлиганинг 10-турида ўрин олган “Андижон” – “Пахтакор” (1:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков иштирок этди.
- “Пахтакор”ни ғалаба билан табриклайман. Улар биздан устун келишди. Учрашув ҳақида нима дейишим мумкин? Ўйинни бундай старт билан бошламаслигимиз керак эди. Тезкор гол ўйинни боришига таъсирини кўрсатди. Бир қатор имкониятларга эга бўлдик. Айрим вазиятларда рақиб посбони яхши ҳаракат қилди. Тўп дарвозага киришни истамади. Биринчи таймда ўртадаги ноаниқ ҳаракатлар салбий натижага замин бўлди.
- Андижонлик ишқибозлар хусусида ҳамма жойда гапиришяпти. Улар ҳақида нима дея оласиз?
- Жамоамиз мухлислари етакчилардан бири. Майдонда доим 12-ўйинчига айланадилар. Биз буни қалбан ҳис қилиб турамиз. Ҳар сафар майдонга уларни хурсанд қилиш учун тушамиз. Бироқ доим ҳам ўйлаганларимиз амалга ошавермайди. Уларни стадионда яратаётган муҳити ниҳоятда ёқимли. Бундай муҳитда тўп суриш ҳар қандай жамоа учун фойдали. Бизнинг ишқибозларимиз энг зўри. Улар ғалаба қозонишимиз учун тўхтамасдан ҳаракат қилишаётганини биламиз. Жамоамизда ишқибозлар билан яхши иш олиб борилади.
- Барча голлар марказий ҳимоячиларнинг хатоси билан киритилди. Таркибда ротация қилиш режангиз борми?
- Тўғри, учта гол ўтказдик. Бироқ булар ўта қўпол хатолардан кейин урилди, деб ўйламайман. Фақат ҳимоячиларнигина хато қилди, деб айта олмайман. Бу айб бутун жамоаники. “Пахтакор”нинг ўйинларини кузатиб, ўрганиб чиққандик. Қарши ҳужумларда голлар ўтказдик. Учинчи гол ҳимоячини айби билан бўлди. Бу ерда ротация қилиш имконияти йўқ эди.
- Майдонга тушмаётган Суннатилла Абдуллажонов, Суҳроб Бердиев, Марлен Чобанов сингари футболчилар нега майдонга туширилмаяпти?
- Имкон қадар оптимал таркибни йиғиб майдонга туширишга ҳаракат қиляпман.
- Нима учун ўринбосарлар ўйинини кузатмайсиз?
- Агар мен ўйинларни кузатиш учун стадионга келмаётган бўлсам, бу ёшлар учрашувларини назорат қилмаяпман дегани эмас. У ерда кимлар ўйнаётганини яхши биламан. Имкониятларимиз хусусида тўлиқ маълумотга эгаман. Ёрдамчиларим ўйинларни кузатишяпти ва менга қўшимча маълумотларни айтиб турадилар.
- Шахром Самиев қайдномада ҳам йўқ эди. Нима учун?
- Ўтган ўйинда жароҳат олди. Кейин Тожикистон терма жамоасига чақирилди. Улар чақиришди ва тиббий назоратдан ўтишини таъкидладилар. Шу боис терма жамоа ихтиёрига кетган. У ердан қайтгач, ўйлайманки ҳаммаси яхши бўлади.
Фикрлар