Хомяков: "Сиз менга илтифот кўрсатиб..."
“Андижон” клуби Тошкентда ОКМКга қарши Суперлиганинг 10-турида майдонга тушди. Биринчи бўлимда меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Бироқ ОКМК баҳс охирларида иккита гол уриб ғалабани рақибдан тортиб олди.
Шу тариқа, “Андижон” яна аламли тарзда имкониятни бой берди. Баҳс якунига етгач, меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков мағлубият хусусида фикр билдирди.
- Хафсаламиз пир бўлди. Охирги дақиқаларда устунлигимизни сақлаб қола олмадик. Умуман олганда, биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам орқага ётиб олмадик. Йигитларга эътирозим йўқ. Улар ҳаракат қилишди, режамизни амалга оширишди. Афсуски, бугун мухлисларимизни хурсанд қилиш насиб қилмади. Ишлашда давом этамиз.
- Жамоа биринчи бўлимда анча яхши таассурот қолдирди. Иккинчи бўлимда футболчилар толиқиб қолдими? Чунки биринчи бўлимдаги фаоллик кўзга ташланмагандек бўлди...
- Биз жисмонан толиқиб қолганимиз йўқ. Рақиб ўз имкониятидан фойдаланиб кетди. Ҳимояда бир қатор бўйдор футболчилари ўйнашди. Улар тезкорлик билан қанотлар ёки чизиқлар бўйича ҳужумларни ташкил қилишди. Биз ҳам иккинчи бўлимда қайта ҳужумларга ўтишга уриндик ва бунинг эвазига иккита вазият яратдик. Агар фойдаланганимизда баҳсни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз мумкин эди. Аммо индивидуал маҳорат етмагани учун фойдалана олмадик. Аламли бўлди. Нима қиламиз? Ишлашда давом этамиз.
- Легионер ҳужумчи Рубин Хебай охирги пайтларда фақат голлар уряпти. У ўзининг оптимал формасига кирдими?
- Ҳа, шунинг учун ҳар бир учрашувда гол уряпти. Яна бироз қўшиши мумкин. Рубин албатта ўз сўзини айтади. Кўплаб вазиятларимиз у орқали амалга ошириляпти. Унга раҳмат айтаман.
- “Андижон”нинг чемпионат аввалидаги ўйини билан бугунги кундаги ўйинини солиштира оласизми? Қанчалик фарқ бор?
- Бизда ҳужум борасида муаммо бўлган ва бўлиб келмоқда. Мавсум бошида ҳимоячиларимиз яхшироқ эди. Чизиқлар бўйича ҳаракатланишда оқсаяпмиз. Якка курашларда тўпга эгалик қилишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳимоядан чиқиб кета олишни амалга ошира оляпмиз. Аммо тўпни назорат қилишда орқадамиз. Тўп назоратисиз олдинга ўта олишда қийинчиликлар бор. Бир сўз билан айтганда, ишлайдиган жойларимиз кўп. Олдинга қараб интилишда давом этамиз.
- Кўриниб турибдики, Хебай ўйинини яхшилагач, жамоанинг услуби ҳам ўзгарди. Чунки ўткир ҳужумлар уюштириляпти. Яъни, жамоа Хебайнинг ўйинига қараб услуб танлаяптими ёки...
- Сиз менга илтифот кўрсатиб, кўплаб ҳужумлар деяпсиз, мен кўплаб демаган бўлардим. Асосийси, ҳужумларда самара бўлиши керак. Ҳа, ўртадан кўра биз қанотлардан ҳужумлар ташкил қиляпмиз. Лекин ҳозирги ҳолатимиз ҳақида нимадир дейишим қийин.
Фикрлар