Хомяковнинг кейинги манзили аниқ...ми?

Футболда ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади, деган ёзилмаган қонун борлигини барча яхши билади. Айниқса, бу ибора ўша касб эгаларига унчалик хуш келмайди. Мураббийларнинг тақдирини белгилаб берувчи натижа ижобий кўриниш олмас экан, бундай пайтда барча масъулиятни зиммасига олган инсон нарсаларини йиғиштириб эшик ортидан ёпиб қўйишни ўйлаб туради. Бундай ҳолатлар эса мураббийларнинг ҳаётида жуда кўп маротаба юз берган.

Ўзимизнинг Суперлигада ҳам клубларда мураббийларнинг истеъфолари одат тусига кирган. Аслида, бу бутун дунё футболида шундай. Бундай манзарадан асло қочиб қутулиб бўлмайди. Мавзудан узоқлашмаган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, ишсиз юрган мураббийларимиз ҳам анчагина. Айниқса, бирор-бир клубда мутахассис ўзгарадиган бўлса, бўш қолган жойга беихтиёр равишда қизиқиш билдирадиган мураббийлар ҳам бор. Ахир ким ҳам ишсиз ўтиришни истарди. Аммо шу билан бирга қўлма-қўл бўлаётган мутахассислар ҳам йўқ эмас.

Карантин бошланаётган маҳалда “Андижон”нинг россиялик устози Александр Хомяков айнан учта турдаги ғалабасиз ўйиндан сўнг истеъфога чиқишни маъқул кўрганди. Шундан кейин дарҳол унинг янги иш жойи ҳақида муҳокамалар бошланиб кетганди ва бу ҳолат ҳалигача давом этмоқда. Ростини айтганда, ўша маҳалдаёқ Александр Андреевичнинг қайси жамоага кетиши хусусида маълумотлар чиққанди. Бу эса “Қизилқум” эди. Мазкур вазият тўғрисида сайтимиз орқали ҳам илгари хабар бериб ўтгандик. Боз устига яқинда “Қизилқум” клуби президенти Ҳасан Рўзиев билан суҳбатлашганимизда Хомяковни жамоа бош мураббийи ролида кўришни истаётганини яширмаганди ва бу борада навоийликларни айнан ким бошқаришига шаъма қилиб ўтганди.

хомяков2_2

Ҳозирча, “Қизилқум” клубига ҳали ҳеч ким расман бош мураббий сифатида тайинлангани йўқ. Куни кеча ушбу масала юзасидан клуб президенти билан боғланганимизда яқин орада янги бош мураббий номини эълон қилишини маълум қилди. Шунингдек, яна бир манбадан олган маълумотимизга кўра аслида клубда қайси мутахассиснинг ишлаши маълум бўлиб улгургани ҳақида ҳам эшитдик. Бу эса Хомяков эди. Бироқ ҳали бу хабар расман ўз тасдиғини топмагунча, бу шунчаки қуруқ гап-сўз бўлиб қолаверади холос.

Ўз ўрнида, мутахассиснинг ўзи билан ҳам тез-тез алоқада бўлиб турибмиз. Аммо унинг ўзи ҳозирча дам олиш билан вақт ўтказяпман дейиш билан чекланмоқда. Лекин у билан мазкур масалага чуққурроқ кирганимизда шундай деди: “Ҳа, менга “Машъал”, “Қизилқум”, “Бухоро”, “Навбаҳор” ҳақида гаплар бўлган. Аммо ишонинг, аниқ таклифлар бўлса, буни фақат ўзимдан эшитасиз, - дея кейинги тақдири хусусида фикр билдирди, Хомяков.

Кўриниб турибдики, мураббийга “Қизилқум”дан ташқари бошқа клублар томонидан ҳам қизиқишлар бўлган. Лекин ташқаридан қараганда, навоийликларнинг мураббий билан ҳамкорлик қилиш бўйича имкониятлари юқоридек кўриняпти. Боя айтганимиздек, фақат расман бу хабар тасдиқлангани йўқ. Шунга қарамай, воқеалар ривожи айнан “Қизилқум” билан Хомяковни ўзаро бир-бирига боғлаб бораётгандек туюлмоқда. Шундай экан, мазкур вазиятни кузатишда давом этамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!