"Хоразм" бош мураббийи: "Балки истеъфо сўрашим мумкин"

Про лига 18-тури доирасидаги «Динамо» - «Хоразм» (4:0) ўйинидан кейин меҳмонлар устози Руслан Аҳмедов истеъфога чиқиши мумкинлигини маълум қилди.

«Ўйин ҳақида фикрлар? Гапиришга гап йўқ, ютқаздик. Ҳамма кўрди, 15 дақиқа ичида 3 та гол ўтказиб юбордик. Бу биз учун кутилмаган ҳол бўлди. Бу голлар барча режаларимизни бузиб юборди, руҳан синдик. Шокка тушдик, десак ҳам бўлади. Мураббий сифатида барча айбни ўз бўйнимга оламан.

- «Хоразм» мавсумдаги энг йирик мағлубиятига учради. Бунга нималар сабаб бўлди?

- Футболни алдаб бўлмайди. Йилни бошидан ўзи молиявий сабаблар туфайли таркибни яхши ўйинчилар билан кучайтира олмадик. Иккинчи даврада ҳам кучайиш бўлмади. 1-даврадан кейин 6 ўйинчимиз кетди, бири Америкага йўл олди, ҳозир яна бир ўйинчимиз жамоадан кетяпти. Шунга ўхшаш сабаблари бор. Шунга қарамай, мағлубият учун жавобгарлик энг аввало менда. Сариқ карточкалар ва жароҳатлар ҳам бор эди. Аксига олиб бугун легионеримиз ҳам жиддий жароҳат олганга ўхшади. Захирамиз катта эмас, анча қисқа.

Аммо тан олиш керак, «Динамо» биздан бир калла эмас, икки калла устун. Йирик мағлубиятни кўтариш оғир, 2-бўлим учунгина йигитларга раҳмат айтдим. Мағлубиятни ўз бўйнимга оламан.

- «Хоразм» 5-ўрин билан Суперлига йўлланмаси учун курашиш имкониятига эга. Бугунги йирик мағлубиятдан кейин бунга ўзингизда ишонч қолдими?

- Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун курашамиз, аммо футболни алдаб бўлмайди, имкониятимиз ўйиндан-ўйинга қисқариб боряпти. Ҳаёт давом этяпти, эҳтимол кейинги ўйинларда бошқа мураббий тайёрлаб, жамоани олиб чиқар.

- Яъни, мағлубият жамоадаги фаолиятингизга таъсир қилиши мумкин, шундайми?

- Бўлиши мумкин. Балки, истеъфо сўрашим мумкин. Ҳамма нарса бўлиши мумкин, - дейди урганчликлар устози Руслан Аҳмедов.

“Динамо” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Jamol Pasiev
26/09/2023 09:31
Пул йук спонсор йук шуни учун хоразмда футбол улди,бумаса талантли ешлар куп хоразмда