"Хоразм" бош мураббийи: "Ўйин охирларида омадимиз келди, "Қўқон-1912" ғалабага лойиқроқ эди"

Бугун про лиганинг 8-тур доирасида “Хоразм” жамоаси Қўқонда “Қўқон-1912”га қарши баҳс олиб борди. 0:0 ҳисобида якунланган учрашувдан кейин урганчликлар бош мураббийи Руслан Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.

- Оғир учрашув бўлди. Очиғини айтсам, ўйин охирларида омадимиз келди. “Локомотив” ва “Динамо” билан учрашувларда аламли мағлубият бўлганди. Бугун ҳам хаёлимизда шу нарса бор эди. Чунки охирида бўш қолган дарвозадан тўпни олиб чиқишди. Бугун “Қўқон-1912” ғалабага лойиқроқ эди. Иккинчи рақам билан ўйнаш, қарши ҳужум тактикаси ўзини оқлади, десам бўлади. Қўқонликларга кейинги учрашувларда омад тилайман. Бу жамоада жуда савияли ўйинчилар бор.

- Иккинчи рақам билан ўйнаш тактикаси ҳақида айтдингиз. Ўзингиз футболчиларингизга ҳимояда “ётиб” олишларини таъкидлаганмисиз ёки...

- Доимий шундай саволлар бўлади. Сизлар ютаётган жамоага савол беринглар, бу тактиканинг бир қисми бўлади. Ўйин темпини бузиш вақт чўзиш эмас. Дунё футболида шунақа. Европа Чемионлар лигаси, жаҳон чемпионатида ҳам натижа учун вақт чўзади. Биз атайлаб шуни айтамиз, деган тушунча йўқ. Ҳаммаси ўйинчиларнинг ҳолатидан келиб чиқиб шундай бўлади. Айниқса, учрашув охирида шунақа режимга ўтиб кетадилар. Бу тактика эмас. Биз доимий равишда натижа учун ўйнаймиз. Агар Қўқон гол урганида биз олдинга ҳаракат қилардик. Ёки қўқонликларнинг айрим футболчилари ҳам вақтни чўзишлари мумкин эди. Буни футболда нормал жиҳат деб ўйлайман.

- “Хоразм” жамоасида ўтган йилгига қараганда бу йил ўйинида анча пасайиш кузатилгандек...

- Пасайиш, нимагаки, ўтган йилги таркибдан 80 фоизи тарқалган. Янги ўйинчилар келган, бу жамоага вақт керак. Масалан, Рокки Марчиано Дубай жамоасига сотилди. 4 та футболчимиз “Сурхон”га ўтиб кетди. Кўраётган бўлсанглар, Суперлигада ўйнашяпти.

- Дарвозабонни охирги ҳаракатини қандай баҳолайсиз? Профессионалликка тўғри келадими?

- Нотўғри. Буни ҳиссиёт деса ҳам бўлади. Дарвозабонлар бошқаларга қараганда асабийроқ бўлади. Ўша ҳолатни кўрганим йўқ. Ечиниш хонасига кириб қизил карточка берганини энди билдим. Хулоса чиқарамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!