"Хоразм" учун яна қўрқинчли...ми?

BEPUL PROPAN

Бугун Суперлигада 9-тур ўйинлари бошланишидан хабарингиз бор. Наманганда “Навбаҳор” Урганчнинг “Хоразм” жамоасини меҳмон қилади. Ушбу ўйин ҳам барчанинг эътибор марказида.

Бу турда айниқса, Андижондаги водий дербиси доирасидаги “Андижон” – “Нефтчи” баҳси турнинг марказий беллашуви сифатида кўрилмоқда. “Навбаҳор”га эса бу турда бироз қулайроқ рақиб дуч келди, деяётганлар ҳам топилади. Улар "Хоразм"ни қабул қилишади. Лекин наманганликлар устози Сергей Лушчан бугунги баҳс осон ўтмаслигини жуда яхши билиб турибди, гарчи статистикада ҳам тўлиқ устунлик наманганликлар тарафида бўлса ҳам.

Таъкидлаш жоизки, урганчликлар 14 йиллик танаффусдан сўнг, яна Суперлигага қайтишди.   

Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатларида шу кунгача ўзаро 16 марта рўбаро келишган. Ўтказилган баҳсларнинг 12 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, 2 та учрашувда дуранг қайд этилган, 2 та ўйинда эса урганчликлар зафар қучишган. Тўплар нисбати –  43-10, “Навбаҳор” фойдасига.

Ушбу клублар ўртасидаги ўйинларда наманганликларнинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 10:0 ҳисоби қайд этилган беллашув бўлиб, “лочинлар” 2006 йилги мавсумда ўз майдонларида шу ҳисобда зафар қучишган.

“Хоразм” эса ҳали “Навбаҳор”ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратолмаган. 

Ўзаро ўйинларда наманганликлар 38 очкони, урганчликлар эса 8 очкони қўлга киритишган.

Наманганда ўтказилган 8 та учрашувнинг барчасида “лочинлар” зафар қучишган (1996 йили “Хоразм” “Динамо” номи остида ўйнаган).

“Навбаҳор” ўз майдонида ўтказилган баҳсларда урганчликлар дарвозасига 31 та гол уриб, ўз дарвозасидан 4 та тўп ўтказиб юборган.

Наманганда ўтказилган барча учрашувлар:

1996 йил

“Навбаҳор” – “Динамо” – 2:0

1997 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 5:1

1998 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 3:1

1999 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 2:0

2000 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 3:1

2006 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 10:0

2009 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 2:0

2010 йил

“Навбаҳор” – “Хоразм” – 4:1.

Факт шуки, “Хоразм” Наманганда умуман очко ололмаган. Хўш, бу сафар Ҳаким Фузайлов жамоаси “Навбаҳор” майдонида ушбу қора серияга барҳам бера олармикин?

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, урганчликлар етакчиларга қарши муносиб ўйин намойиш қилмоқда. Ўтган турда “Хоразм” амалдаги чемпион – “Насаф”га қарши қандай ўйнаганини кўрдингизми? Ғалабага лойиқ футбол намойиш қилди ва якунда 1:1 ҳисоби қайд этилиб, бир очко олди.

Шунингдек, “Бунёдкор” майдонидаги ўйинда ҳам Фузайлов жамоаси бир очкони тортиб олган. Айтмоқчимизки, “Хоразм” етакчиларга қарши қандай ўйнайшни биляпти ва мағлуб бўлмаяпти. “Навбаҳор” билан баҳсда статистик рақамлар урганчликларга руҳий таъсир ўтказмасмикин? Бу фақат оддий рақамлар ва барчаси майдонда ҳал бўлади. Балки ушбу фактлар “Навбаҳор”га ўйин олдидан янада қўшимча руҳ ва мотивация бағишлаши ҳам мумкин. Барчасини майдонда кўрамиз.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Хоразм” баҳси 11 май куни Наманган шаҳар, Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионида соат 18:00 да старт олади.

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию