Хорватия бу ишни 24 йилда уддалади
Жаҳон чемпионати учинчи ўрин учун бўлиб ўтган Хорватия - Марокаш ўйинида европаликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида учинчи бор мундиал медалларига эга чиқди. Қатардаги мазкур турнир хорватлар учун олтинчиси бўлди.
Хорватия 1998 йилдан бери биринчи марта нуфузли мусобақанинг плей-офф босқичи баҳсларининг асосий бўлимларида ғалаба қозонди. Ўша йили хорватлар бронза медали учун баҳсда Нидерландия терма жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этганди.
Шундан сўнг "шашкачилар" кетма-кет еттита мундиал учрашувлари ва учта Европа чемпионати доирасидаги баҳсларнинг плей-офф босқичлари асосий вақтларида ғалаба қозонишни уддалай олмганди.
Эслатиб ўтамиз, Хорватия Жаҳон чемпионатидаги энг яхши натижани 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган мусобақада қўлга киритган. Ўшанда Модрич сардорлигидаги жамоа финалда Францияга имкониятни бой бериб, турнирнинг кумуш медалларига эга чиққанди.
Фикрлар