Ямалнинг бир армони бор...
“Барселона” ва Испания терма жамоасининг энг ёрқин футболчиларидан бирига айланган Ламин Ямал футболдан орзуси амалга ошишига ишонмоқда.
16 ёшли футболчи энг катта орзуси айни пайтда АҚШда “Интер Майами” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Лионель Месси билан бир жамоада ўйнаш эканини айтди.
- Мен Лионель Месси билан бирга шуғулланиш, бир жамоа кийим алмаштириш хонасида бирга ўтиришга умид қилгандим. Лекин ҳозирча бунинг имкони бўлгани йўқ. Лекин келажакда шундай бўлишига ишонаман, - деди Ламин Ямал.
Ламин Ямал ёш бўлишига қарамай, секин-аста “Барселона”нинг ҳақиқий етакчисига айланиб бормоқда. Ўтган мавсум 50 та учрашувда қатнашган ҳужумкор футболчи еттита гол ва ўнта ассист муаллифи бўлди.
Каталония клуби раҳбарияти яқинда ПСЖнинг Ламин Ямал трансфери учун 250 миллион евролик таклифини қабул қилмади.
Фикрлар