"Янги келганлар натижа қилиб бермайди", "Зафармурод бетоб бўлиб қолди", "танлов имконияти рақибда кўпроқ" - Рўзиқул Бердиев иштирокида матбуот анжумани
Қаршининг "Насаф" клубини Осиё чемпионлар лигаси плей-оффидан ўрин олган "Ал-Айн"га қарши учрашув кутиб турибди. Мазкур баҳс олдидан "аждарлар" устози матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берди.
- Ассалому алайкум, барчага. Эртанги ўйинга келадиган бўлсак, икки мамлакатда ҳам чемпионат давом этмаяпти. Шу сабабли, беллашув жуда юқори темпда бўлмайди, деб ўйлайман. Биз яхши кайфиятдамиз. Йигитларимиз беллашувга тўлиқ шай ҳолатда. Кейинги босқичга чиқишни ўйлаб, эртанги баҳсда тўп тепамиз.
- "Ал-Айн" билан ўйинни яхши эслайман. Бироқ бунга анча бўлди. Ҳар икки жамоада катта ўзгаришлар рўй берди. Рақибда ўша эски таркибдан деярли ҳеч ким қолмаган. Ўйлайманки, эртанги учрашув аввалгиларидан фарқ қилади. Бунинг учун бор куч-маҳоратимизни ишга соламиз.
- Рақибнинг 9 февраль кунги ўйинини кўриб чиқдик. Шунингдек, рақибнинг ОЧЛ ва ички чемпионатдаги ўйинлари ўрганиб, чуқур таҳлил қилдик. Йигитларимиз рақиб ўйини ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши керак. "Ал-Айн"ни кузатишларимиз натижасида уларнинг ҳужумкор жамоа эканлигига гувоҳ бўлдик. Рақиб таркибида легионерлар жуда кўп. Шу сабабли, танлов имконияти уларда юқори.
- Эртанги ўйинда жамоамизга янги келган футболчиларнинг айримлари ҳаракат қилади. Таклиф қилинган футболчилар, нафақат эртанги беллашувда, балки, бутун мавсум давомида жамоага ёрдам беради. Улар барчамизнинг ишончимизни оқлайди, деган умиддаман. Таркибдаги ва қайсидир позициялардаги муаммоларга барҳам берадиган трансферларни амалга оширдик. Нима бўлишидан қатъи назар, янги келганларнинг ўзигина бизга натижани қилиб бера олмайди. Кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Шундагина кутилган натижага эришишимиз мумкин.
- Зафармурод кучли ҳарактерга эга футболчи. Биз уни ёшлигидан майдонга туширганимизда, буни исботлай олган. У билан айни дам ҳаммаси яхши. Ўйлайманки, бу каби ҳолат ҳар бир футболчида бўлади. Зафар эртага майдонга тушиши мумкин. Бироқ у бетоблиги сабабли 4-5 кун биз билан машғулотларга қатнашмади.
Фикрлар