Янги ўйинчиларга 200 миллион фунт сарфлаймиз!
“Халл Сити” клуби эгаси Ажун Илиджали клуб ушбу трансфер ойнасида 200 миллион фунт стерлинг сарфлаши мумкинлигини маълум қилди.
Чемпионшип плей-офф финалидаги ғалабадан кейин Премьер-лигага чиққан клуб ҳозирча фақат тажрибали дарвозабон Жек Батлендни “Рейнжерс”дан 3 миллион фунт эвазига харид қилди.
Шунга қарамай, клуб трансфер бозорида фаолликни давом эттирмоқчи.
- Менинг ҳисобимча, умумий бюджет тахминан 200 миллион фунтни ташкил қилади. Шундан 130 миллион фунт трансферларга, 70-80 миллион фунт эса маошларга сарфланади, - деди Илиджали.
Унинг таъкидлашича, Премьер-лигада жон сақлаб қолиш жуда қийин вазифа бўлади.
- Биз Премьер-лигада қолиш имконияти энг паст бўлган клублардан биримиз. Аммо ўтган йили ҳам бизни Чемпионшипдан тушиб кетишга асосий номзод, деб ҳисоблашган эди. Ҳозир ҳам вазият унчалик ўзгармаган.
Биз жамоани Премьер-лигада сақлаб қолиш учун имкон қадар кучли таркиб шакллантириш устида тинмай ишлаяпмиз, - деди клуб раҳбари.

Фикрлар