Япония бош мураббийи: "Рақибга қойил қолдик"
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 2-туридан ўрин олган Қирғиз Республикаси - Япония учрашувида японияликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Япония жамоаси бош мураббийи Коичи Тогаши иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Рақибга қойил қолдик. Улар ажойиб ҳаракат қилишди. Қирғиз Республикаси вакиллари ҳужумларда ҳам кескин ўйин намойиш эта олди.
Илк бўлимда гол ура олмадик, тўғри. Бироқ биз сабр қилдик ва иккинчи таймда ўзимиз учун керакли натижани қўлга киритдик.
Бу жаҳон чемпионати йўлланмасини берадиган турнир. Аммо бу турнирда босим остида ўйнашни истамаймиз. Шу сабабли, ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Натижадан жуда мамнунман. Ҳаммаси ажойиб якунланди.
Ҳозирча Хитой ва Саудия Арабистони ўртасидаги учрашув натижасини билмаймиз. Аммо шуни биламизки, саудияликлар кучли терма. Улар ҳар бир жамоага муаммо туғдира олади. Бироқ биз ҳам осонликча таслим бўлмаймиз ва ғалаба учун майдонга тушамиз. Қайд этиш лозим, футболчиларим ўйиндан ўйинга яхши ўйин кўрсатиб келишмоқда.
"Барселона"да ўйнайдиган ҳимоячимиз илк баҳсда захирада қолдирилди. Сабаби, унинг чизиғида ўйнайдиган яна бир футболчимиз ҳам ўзини ёмон кўрсатмаётганди. Рақобатни ошириш мақсадида ротация қилишга қарор қилдик ва ҳозирча бу ўзини оқлаяпти", - деди мутахассис.
Фикрлар