Яраланган "Шерлар" қаршисида аутсайдер "Турон" ёхуд Суперлигада қандай ўйинлар кутмоқда?

Суперлигада 22-тур 12 октябрда бошланган бўлиб, ўша куни “Қизилқум” – ОКМК ўртасидаги учрашув гувоҳига айланганмиз.

Қолган ўйинлар 20 октябрдан давом эттирилади ва 22 октябргача 5 та қарама-қаршиликни кузатамиз. 30 октябрда эса “Навбаҳор” – “Насаф” учрашуви билан 22-тур тўлиқ якунига етади.

Унгача эса олдимизда турган 5 та жуфтлик борасида сўз юритамиз.

20 октябрь

“Металлург” – “Бухоро”

Турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиқиб фикр билдирадиган бўлсак, ғалаба меҳмонларга сув ва ҳаводек зарур эканини кўришимиз мумкин. Нега деганда, “Бухоро” 14 очко билан 13-ўринда боряпти ва 12-поғонадаги “Қизилқум”дан  4 очкога ортда қолиб кетмоқда. Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жиддий курашаётган Улуғбек Бақоев жамоаси учун Олмалиқда “Металлург”га қарши кечадиган учрашувнинг аҳамияти жуда юқори. Дуранг ҳам меҳмонлар учун мағлубиятга тенг. Лекин “Металлург” ғалабали сериясини бошлаб олган. Бўлажак баҳс қизиқ-а, шундай эмасми?

мет анд3_1

“Пахтакор” – “Турон”

Сентябрь ойидан бери ғалабани унутиб қўйган “Пахтакор” учун жуда қулай рақиб рўбаро келади, деб ўйлаётгандирсиз-а? Дарҳақиқат, мусобақа жадвалини бошқариб турган ва унинг охирги ўрнида жойлашган клуб ўртасидаги учрашув гувоҳи бўламиз. Рости, “Турон”га ачинаётганлар кўп бўлса керак. Ёдингизда бўлса, 20-турда “Навбаҳор” Наманганда бор аламини “Турон”дан олганди ва 5:0 ҳисобида рақибини доғда қолдирган. Сабаби, 19-турда “Андижон” майдонида аламли тарзда мағлубиятга учраганди. Бу сафар ҳам шунга ўхшаш вазият. “Пахтакор” ўтган турда Андижонда ютқазиб қайтди ва энди яраланган “Шерлар” “Турон”ни қабул қиладилар. Натижани тахмин қилиш мумкин...

21 октябрь

“Олимпик” – “Бунёдкор”

Тошкент дербиси. Турнир жадвалида “Олимпик” билан “Бунёдкор”ни 7 очко ажратиб турибди. Иккала клуб ҳам иқтидорли ёшларга тўла. Яхши ўйин бўлиши шубҳасиз. Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа Александр Крестинин устозлигидаги клубга қарши ўйинини кузатиш қизиқ кечади. Ҳозирча эса имкониятлар 50х50.

бунёдкор2_9

“Сўғдиёна” – “Андижон”

Биринчи даврада Фарғонадаги баҳсда “Сўғдиёна” сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига “Андижон”ни мағлубиятга учратганди. Энди Жиззахда ушбу клублар тўқнашишади. Балки бу баҳсда у қадар голларни кўрмасмиз, бир-иккита гол ўйин тақдирини ҳал қилиши ҳам мумкин. “Андижон” ўтган сафар “Пахтакор”ни мағлуб этгани учун ҳозир ажойиб кайфиятда. “Сўғдиёна” эса Олмалиқда имкониятни бой берди. Мураббийларнинг қўллайдиган тактикаларига ҳам кўп нарса боғлиқ.

22 октябрь

“Нефтчи” – “Сурхон”

Энди Суперлигамизда мағлуб бўлмаган жамоа қолмади. “Нефтчи”да шу мақом сақланиб турганди. Ўтган турда “Насаф” майдонида имконият бой берилгач, фарғоналиклар чемпионатдаги илк мағлубиятини тан олдилар. Бу сафар Фарғонада “Сурхон”ни қабул қилади. Оғир мағлубиятдан сўнг Виталий Левченко жамоаси қайсар “Сурхон”ни мағлуб этиш йўлини топа оладими? Рақиб жиддий ва кескин ўйин бўлиши аниқ. “Нефтчи” очко йўқотса, яна медаллар учун курашдаги имкониятини пасайтириб юборади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!