Яхши бор, Шомуродов!
“Рома” мураббийлар штаби терма жамоалар ўйинлари учун миллий чемпионатларда эълон қилинган қисқа муддатли танаффус давомида ўтказилган учрашувларда йўл қўйилган хатолар устидан ишлайдиган бўлди.
Маълумки, Жозе Моуриньо шогирдлари А Серия ва Конференциялар лигаси доирасида охирги еттита учрашувдан фақат биттасида ғалаба қозонди. Миллий чемпионатда қатор очко йўқотишлардан сўнг, римликлар Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи кучли тўртликни тарк этди.
Айниқса, А Сериядаги охирги мағлубият аламли бўлди. “Венеция” меҳмони бўлган “Рома” Элдор Шомуродовнинг голи ва ҳамюртимизнинг ассистидан сўнг Тэмми Абрахам киритган тўп эвазига ҳисобда олдинда бора туриб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбек ҳужумчисининг бенефисига айланган учрашувдаги мағлубиятни ҳам Жозе Моуриньо таркибдаги камчиликлар ва ҳакамлар хатоси билан боғлади. Шунга қарамай, “Рома” таркибини кучсиз деб бўлмайди. Чунки бу клубнинг ўн нафардан зиёд футболчиси дунё бўйлаб турли мамлакатлар терма жамоалари аъзоси ҳисобланади.
Зотан, бу гал “Рома”нинг 12 нафар ўйинчиси Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги расмий ва халқаро ўртоқлик учрашувларида қатнашиш учун ўз юртининг бош жамоаси ихтиёрига жўнаб кетгани хабар қилинди.
“Рома”нинг сўнгги баҳсида энг зўр ўйинчилардан бири сифатида эътироф этилган Элдор Шомуродов 15 ноябрь куни Грузия миллий терма жамоасига қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашувида иштирок этиш учун бош мураббий Сречко Катанец ихтиёрига келиб қўшилди ва машғулотларни бошлаб юборди.
Биз учун аҳамиятлиси эса, терма жамоамиз сардори узоқ давом этган голсиз сериясига барҳам берди. Айни пайтда унинг кайфияти яхши ва жанговар руҳда бўлажак ўйинга тайёргарлик кўрмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Элдор Шомуродовга Грузия терма жамоаси яхши таниш. Ҳужумчимиз 2017 йили Бирлашган Араб Амирликларида грузияликлар билан ўтказилган ўртоқлик учрашувида қатнашиб, рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол қилган. Ўша баҳс 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланган.
Умуман олганда, Шомуродовни А Серияда ҳам ўзига хос ўйин кутиб турибди. Жозе Моуриньо шогирдлари 21 ноябрь куни Генуяга сафар уюштириб, “Женоа” меҳмони бўлади. Яъши маълумки, Элдор А Сериядаги дебют мавсумини айнан “Женоа”да ўтказиб, 31 та учрашувда саккизта гол уришга муваффақ бўлган. “Женоа”ни римликларга қарши учрашувга янги бош мураббий – Андрей Шевченко тайёрлаётгани ҳам учрашувга қизиқишни оширмоқда.
Жозе Моуриньо ҳам ихтиёрида қолган ўйинчилар билан пухта тайёргарлик кўрмоқда. Унинг шогирдлари орасида Шомуродов ташқари яна 11 нафар футболчи терма жамоадан чақирув олган. “Рома” сардори Лоренцо Пеллегрини ва Николо Дзаньоло жароҳати борлиги учун терма сафидан чиқарилиб, Римга қайтарилди. Жанлука Манчини ва Брайан Кристанте эса терма жамоа ихтиёрида қолди.
Шунингдек, Генрих Мхитарян Арманистон, Руй Патрисиу Португалия, Никола Залевски Польша, Феликс Афена-Гьян Гана, Тэмми Абрахам Англия, Мараш Кумбулла Албания, Жордан Верету Франция, Амаду Диавара Гвинея ва Эбрима Дарбо Гамбия миллий терма жамоаларига жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, ўн икки тур якунига кўра олтита ғалаба, битта дуранг ва бешта мағлубият қайд этган “Рома” мусоба жадвалида 6-поғонада бормоқда. Клуб раҳбарияти Жозе Моуриньо олдига чемпионатни кучли тўртликда якунлаб, Европа чемпионар лигасига йўлланма олиш, Конференциялар лигаси ва Италия кубогида зафар қучиш вазифасини қўйган.
Фикрлар