Яхшиям Шомуродов бор экан!
“Женоа” Италия чемпионатининг 16-туридан ўрин олган сафар учрашувида ўзидан ҳар томонлама кучли бўлган “Сассуоло”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Генуялик футболчилар аввалги икки турда янги бош мураббий Давиде Баллардини қўл остида биттадан ғалаба ва дурангга эришгани боис, жамоа мухлислари бу гал ҳам “Женоа” ижобий натижа қайд этишини кутганди.
Амалда ундай бўлмади. Биринчи бўлимда рақибга муносиб қаршилик кўрсатган Шомуродовнинг жамоадошлари якунда барибир мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.
“Женоа”нинг ягона голини урган Элдор учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди.
Анъанага кўра, “Женоа” мухлисларининг Шомуродов ҳақидаги фикр-малоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Luigi Bozzano:
Афсуски, биз яна ютқаздик. Иккинчи шов-шувли дурангга жуда яқин эдик. Мен яна Шомуродовнинг ўйинини эътироф этишни истайман. “Лацио” билан ўйинда унинг голли паси бизни мағлубиятдан қутқариб қолганди. “Сассуоло”га қарши ўтказилган учрашувда Элдор гол уриб ҳисобни тенглаштирди, лекин жамоа дуранг натижани ушлаб қола билмади.
Giacomo Proietti:
Иккинчи бўлимдаги ўйинимиз шармандалик. Шомуродов ёрқин ўйин кўрсатган ягона футболчи бўлди. Қолганларнинг футбол ўйнагиси келмаяпти шекилли.
Ariano Merlo: (Giacomo Proietti фикрига жавоб)
Шомуродов ҳам иккинчи бўлимда ўзини кўрсатолмай қолди. 45 дақиқада битта хавфли зарба берди холос.
Daniele Sturla:
Менимча, Шомуродовга ҳужумдаги шерик сифатида Жанлука Скамакканинг майдонга туширилиши хато қарор бўлди. Маттиа Дестро ўзбек футболчиси билан кучлироқ ўйнарди. Бу мағлубиятимизнинг сабабларидан бири.
Amilcare Giopp:
Мен яна бир бор кўп танқид қилинаётган ўзбек легионерининг самарадорлигини алоҳида таъкидлашни истайман. У “Женоа” таркибида 623 дақиқа ўйнади. Бу вақт мобайнида иккитага гол урди, иккитага голли пас узатди, “Милан” дарвозасига киритилган голда қатнашди. Элдор ҳар 124 дақиқада голли вазиятларда бевосита иштирок этмоқда.
Emmanuel Pezzella:
“Женоа”нинг менга маъқул келган ягона томони, янги мураббий қўл остида ҳужумчиларнинг ўйини очилиб бораётганидир. Баллардини бошқарган биринчи баҳсда Горан Пандев ва Маттиа Дестро зўр ўйнаганди. Шомуродов кетма-кет иккита ўйинда биттадан гол ва голли пас муаллифи бўлди. Жанлука Скамакка ишончни оқламаяпти. Агар Шомуродов, Дестро ва Пандев учлиги максимум даражада ўйнаса, ҳужумда муаммо бўлмайди.
Pasquale Riondato:
Шомуродов жамоамиз таркибида ёрқин из қолдирган ягона футболчи. Аввал кўпчилик уни олиш учун кўп пул тўланганини танқид қилди. Энди руслар бу ҳужумчи учун арзон нарх сўрагани ўз исботини топди.
Marco Patassini:
Шомуродов гол ургани мени жуда хурсанд қилди. Лекин у ҳам аввалги ўйинлардагичалик ёрдам бера олмади. У ҳам гол уриб, ҳам жамоани ортидан эргаштириши керак.
Фикрлар