Супер гол урган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Италия А Сериясининг 16-турида Элдор Шомуродов жамоаси билан “Сассуоло” клуби меҳмони бўлди.
Ниҳоят, “Женоа”нинг янги мураббийи Давиде Баллардини ўзбек легионари жамоадаги бошқа ҳужумчилардан кам эмаслигини тан олган ҳолда уни бошланғич таркибда майдонга туширди. Ўз навбатида, ўтган ўйинда ажойиб ҳаракатлари билан жамоасини “Лацио”дан мағлуб бўлишдан сақлаб қолган Шомуродов бу галги учрашувда илк дақиқалардан тўп тепишга лойиқ эди.
Гарчи учрашув олдидан мусобақа жадвалида олтинчи ўринда бораётган “Сассуоло”нинг имконияти юқори баҳоланган бўлса-да, генуяликлар мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатишга интилди. Биринчи бўлимда жамоа бунинг уддасидан чиқди ҳам.
Биринчи бўлимда Шомуродов ва Жанлука Скамакка тандеми “Сассуоло” ҳужумларига муносиб жавоб қайтарди. Учрашувда Баллардини жисмонан бақувват форвардлардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Бу қайсидир маънода ўзини оқлади. Ўйин услуби ҳам шунга яраша ташкил этилди ва генуяликлар юқоридан оширилган паслар орқали ҳужум қилишга уринди.
“Женоа”нинг жиддий қаршилигига учраганига қарамай, ўйиннинг биринчи ярмидаги устунлик мезбонлар томонида бўлди. 45 дақиқанинг 67 фоизида сассуолаликлар тўпни рақибга бермади. Дарвозага 11 марта зарба беришди. Меҳмонлардан эса, Шомуродов икки марта, Скамакка уч бора зарба йўллади.
Биринчи таймда Шомуродов жамоаси ҳаводаги курашларнинг 60 фоизини ўз фойдасига ҳал қилди. Гол ҳам пишиб қолганди. Бироқ, Скамакка дарвоза тўсинини нишонга олди.
Иккинчи бўлимда “Сассуоло” устунликни мустаҳкамлай олди ва 52-дақиқада Жереми Бога ҳисобни очди. Генуяликларнинг жавоби узоқ кутилмади. Орадан 12 дақиқа ўтиб, Элдор Шомуродов Паоло Гильоне узатган тўпни ўзиники қилди. Ҳаводаги курашда рақиб ҳимоячисини енгиб, боши билан тўпни дарвоза тўрига жойлади. Бу ўзбек ҳужумчисининг А Сериядаги иккинчи голи бўлди.
Давиде Баллардини шогирдлари беллашувнинг иккинчи ярмида мезбонларга етарли қаршилик кўрсата олмади. Ўйин якунланишига бир неча дақиқа қолганида Жакомо Распадори “Сассуоло”га қимматли уч очкони келтирган голни урди – 2:1.
Гарчи “Женоа” дуранг натижани ушлаб қола билмаган бўлса-да, Элдор Шомуродов ажойиб ўйин кўрсатиб, юқори классли футболчи эканини яна бир карра исботлаб қўйди. Ҳар бир футболчининг ўйинини баҳолаб борган Whoscored сайти Элдор Шомуродовга энг юқори – 7,8 балл берди. Иккинчи кўрсаткич соҳиби – “Сассуоло” футболчиси Мануэль Локателли 7,5 балл билан баҳоланди.
Элдор Шомуродов учрашувда гол уришдан ташқари, уч марта аниқ зарба йўллади. Шунингдек, жамоадошини қулай позицияга олиб чиқди, рақибларни муваффақиятли алдаб ўта олди. Ўзбек ҳужумчиси ҳаводаги курашларда уч бор ғолиб чиқди ва гол ҳам ана шундай вазиятда киритилди. Унинг 20 та пасидан 70 фоизи манзилга аниқ борди. Бу ҳужумчи учун юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мутахассислар Шомуродовнинг ҳимоячиларга ёрдам бераётганини ҳам алоҳида таъкидламоқда. У икки марта рақиб ҳужуми вақтида улардан тўпни олиб қўйди. Бундай ўйин услуби Давиде Баллардинига манзур келиши аввалдан айтилган эди.
Хавфли зонадан чиқишга ҳаракат қилаётган “Женоа” вакиллари энди навбатдаги учрашувни 9 январь куни ўз майдонида ўтказади. Мазкур санада “Болонья” футболчилари Генуяга ташриф буюради. Биз эса, Шомуродов яна асосий таркибда майдонга тушиб, гол уришига умид қиламиз. Чунки унинг ўйини борган сари кучайиб, кўрсаткичлари ўсиб бормоқда.
Олға, Шомуродов!
Фикрлар
Ўзбекистон футболини жахонга таништиришдаги навбатдаги қадам бу...Равшан Эрматов изидан. Меҳнат ва халоллик, камтарлик, поклик ва меҳр, ўз ишига муносабати...барчамиз ўрнак олсак арзийди.