Ёмғирдан қочиб дўлга тутилган НEЙМАР!

Неймарнинг туғилган куни ортиқча дабдабасиз ўтиши керак эди. Жамоадошлар ва яқин дўстлар даврасидаги тинчгина оқшом. Бу унинг улғайганидан дарак берарди.

Худди шундай бўлди ҳам. Неймар Париждаги тунги клубни ижарага олди ва “ПСЖ”даги жамоадошлари, энг яқин дўстларини таклиф этди. Туғилган кунга келишнинг битта шарти – ҳамма оппоқ кийимда келиши керак эди.

“Барселона”нинг дахшатли триосидан бири бўлмиш Неймар 2017 йилда жамоадан кетишга қарор қилди. Футболчининг яқинлари сўзларига кўра, у Мессининг соясида қолишни истамаган ва янги жамоасининг асосий футболчисига айланишни истаган. Иккинчи даражали бўлиш Неймар учун эмасди.

Яна бир режалардан бири – “Олтин тўп”ни ютиб олиш ва дунёнинг энг яхши футболчиси мақомига эришиш эди. Неймар учун бу реал мақсад, чунки у доим энг яхши футболчилар рўйхатида юқори ўринда турар эди. Аммо бундай бўлмади. Неймар дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиш уёқда турсин, янги жамоасининг ҳам етакчи футболчиси бўла олмади.

Олтин тўп

Париждаги биринчи йилида Неймар “Олтин тўп” учун сўровномада учинчи ўринни эгаллади. Бир йилдан сўнг эса 12 ўринга тушиб кетди. Ўтган йили эса “ПСЖ”дан атиги икки футболчи Европанинг 30 нафар энг яхши футболчиси рўйхатига киритилди. 6 ўринда Мбаппе бўлса, 28 ўринни Маркиньос эгаллади. Неймар бу рўйхатда йўқ эди.

Неймар учун бу жуда катта муваффақиятсизлик эди. Роналду ва Мессининг издоши бўлган Неймар ҳозирда Мбаппе бошчилигидаги бутун бошли янги авлоднинг ҳам ортида қоляпти.

Янги жамоага ўтиш Неймар учун ечим бўлиб хизмат қилмади. Парижга ўтган Неймарга ҳеч ким ортиқча гап гапира олмасди. У энди ўз устида эмас, ўз обрўси устида кўпроқ ишлашни бошлади.

Ҳамма гап Неймарнинг ўзбошимчалигидами? Кўплаб футболчилар фаолияти ва футболдан ташқари шахсий ҳаётини бир маромда олиб боришади. Нега Неймарда бу ўхшамайди? Асосий сабаби туғилган кунидан бир оз муддатдан сўнг бўлиб ўтган “Монпелье”га қарши баҳсда аён бўлди.

Биринчи бўлимнинг ўрталарида Неймар тўп билан рақиб футболчиси Арно Сукени бурчакка олиб борди. У ерда “камалак” финтини қиламан деб тўпни оширмоқчи эди, аммо тўп Сукега тегди ва майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бош ҳакам Жером Брисар Неймарни огоҳлантирди ва футболчининг бундан жаҳли чиқди. Ҳакам билан тортишгани учун сариқ карточка билан жазоланди. Бўлим сўнггига қадар асабийлашиб юрди. Ким уни эшитишни хоҳласа, унга ўз шикоятларини айтаверди. Танаффусда ҳам Марко Вераттига қараб: “Мен футбол ўйнаяпман” деди.

Соядан сояга

Бу вазият бизга Неймар ҳақида тўлиқроқ хулоса чиқаришимиз учун етарли. Унинг техникаси, ўз кучига ишониши, албатта яхши ҳолат. Неймар футболда энг асосийси – индивидуал устунлик деб ҳисоблайди. Ўз истеъдоди уни янги даражага кўтарилишига тўсқинлик қилди. Ўзининг устун жиҳати - ўзининг энг заиф томони ҳисобланади.

Интернет олами Неймарнинг ажойиб техника намойиш этадиган гифлари, видеолари билан тўла. Унинг ҳар бир янги финти мухлисларда ёқимли таассурот қолдиради ва диққат-марказда бўлишини таъминлайди. Неймарнинг турли хил услублари футбол учун шунчаки қўшимча бонус, лекин бу жамоавий ўйинни унутиб қўйиш керак дегани эмас. У доимо энг яхшиси бўлишни истаган, лекин қандай қилиб бу даражага чиқишни тушуниб етмади.

Албатта, Неймарда ҳали имкон бор. У ҳали ҳам яхши ўйин кўрсатади. “ПСЖ”да ҳам Чемпионлар Лигасини ютиш учун ажойиб жамоа шаклланган. Неймар ўз сўзини айтиши учун яхши имконият турибди.

Лекин ҳозир кўриб турган воқеаларимиз, бир лаҳзалик ажойиб финтлар, дриблинглар ва тамом. Биз уни жамоавий ўйинга кўпроқ эътибор қаратишини ва энг яхшилар қаторида бўлишини истаб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Shuhratbek Abdug'aniyev
22/02/2020 15:31
Iltimos neymarni yomonlashdan tuxtanglar bu yerda haqiqiy muhlislar ham bor sizlarga boshqa mavzu yoqmi faqat Neymar unde . Neymar bunde qaytaraman boshqa mavzuga utinglar!!!!