"Ёш шахматчиларимизда мотивация кучли" ёхуд Комил Синдаров ўзбек шахматининг бугуни ва эртаси ҳақида

TIGGO 2 PRO

Маълумки, кечадан Андижондаги муҳташам “Универсал” спорт мажмуасида шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди. Унда вилоятлардан келган жами 840 нафар ёшлар ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда.

Кеча тантанали равишда очилиш маросими бўлиб ўтди ва бу хусусида Sports.uz орқали алоҳида тўхталиб ўтдик.

Унда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари, халқаро шахмат академияси директори Комил Ойдинович Синдаров ҳам бевосита иштирок этди. Ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатига старт берилгач, шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Ойдинович Sports.uz сайти учун интервью берди.

- Илк бор мамлакатимизда мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати Андижонда старт олди, - дея гап бошлади, Комил Синдаров. - Мактаб ўқувчилари ўртасидаги ушбу Ўзбекистон чемпионатига вилоятлардан саралаш босқичларида биринчи ўринни эгаллаган ва 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ёшларимиз дона суришяпти. Улар жойларда (вилоятларда) юқори шахмат иқтидорига эга бўлиб ҳамда кучли бешталикка кирган шахматчилар ҳисобланишади ва бугун улар Андижонда куч синашишга тўпландилар. Илгари бизда бундай чемпионат деярли бўлмаган. Бир неча йиллар аввал ушбу чемпионатни ўтказиш тўхтаб қолганди. Мана, бу йилдан бошлаб нафақат ўтказишни йўлга қўйдик, балки уни жуда катта масштабда – 840 нафар шахматчи дона суришяпти. Ота-оналар албатта фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун келишган. 20 га яқин шахмат фидойилари, мутахассислари ҳам Андижонга етиб келишган.

Мана, ўйинларга старт берилди. Бу ўйинларда биз биринчи навбатда иқтидорларни, ёш юлдузларни аниқлаш ва эртага мана шу ерда биринчи, иккинчи, учинчи ўринни олган шахматчиларимиз мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Шу билан биргаликда улар ёш шахматчи сифатида иқтидорини кўрсатганлиги учун шахмат федерацияси ҳамда мактабгача, мактаб таълими вазирлиги томонидан тақдирланадилар. Алоҳида совринлар қўйилган. Қолаверса, 2026 йилги Олимпиада Ўзбекистонда бўлиб ўтиши белгиланган. Бутун жаҳон шахмат Олимпиадасига тайёргарлик кўришда ҳам бу ёшларни тарбиялаш ва келажакда уларни олимпия терма жамоамиз ва ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган етук шахматчилар етишиб чиқишида бизга селекция вазифасини ўтайдиган турнир ҳисобланади.

Шахмат федерациясининг янги таркиби янги шижоат билан иш бошлади. Бу йил мамлакатимизда 20 дан ортиқ халқаро ҳамда Республика тоифасидаги турнирлар бўлиб ўтиши кутиляпти. Бир пайтлар Республикамизда атигина битта турнир бўларди. Ҳозир эса 12 ой мобайнида, ҳар ойда қарийб иккитадан мусобақа қўйилган. Ҳатто, шахматчиларнинг бўш вақти қолмаяпти. Бундан ташқари, шахматчиларимизга яратилаётган шарт-шароитларни ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Шахмат бўйича Республика терма жамоа аъзоларига хориждан мураббийлар бириктирилди. Йигитлар ва қизлар терма жамоаси 15 кишидан иборат жами 30 нафари хорижлик малакали мураббийлардан сабоқ оляптилар.

Умуман, юртимизда шахмат янада оммалашиб бормоқда. Федерациянинг ҳозирги қилаётган ишларидан бири жойларда шахматни ривожлантиришга қаратилган. Андижонда биринчи бўлиб турнирни ўтказяпмиз. Бунинг учун жуда катта тайёргарлик кўрилган. Бу борада Андижон вилояти ҳокимлигига, Андижон вилояти ёшлар агентлиги бошқармаси ва яна бошқа ташкилотларга миннатдорчилик билдирамиз. Ташкилотчилик юқори даражада йўлга қўйилган. Шунча меҳмонни кутиб олиш, барчаси ажойиб. Мана шундай тарзда юқори савияда ўтказишда ташкилотчиларнинг ўрни катта.

- Бу мусобақада шахматни қайси йўналишларида дона суришлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

- Шахматни учта тури бор. Ҳозир стандарт классик шахматга старт берилди. Ундан кейин рапид ва близ турнирлари ҳам ўтказилади. Унда ҳам чемпионлар аниқланади. Ҳар учала тур тоифасида ёшларимизни синаб кўрамиз. Ҳар бир йўналишда ёшларимизнинг иқтидорини синаш жуда муҳим. Агар стандартда омади келмаса, балки близ рапидда омади келиши мумкин. Ёшларимизда мотивация кучли. Ўзбекистон чемпиони, совриндори бўлиб эртага катта шахматчи бўлиб етишишига бўлган иштиёқини ортишига хизмат қилади.

- Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда юртимизда барча спорт турлари жадаллик билан ривожланиб боряпти. Шуларни қаторида шахматимизда ҳам яққол ўсиш кузатиляпти. Мана, Ўзбекистонда дунё бўйича гроссмейстерлар сони ҳам ошяпти. Яна қандай ишлар қилиняпти? Шахматдаги моддий техник-базалар талабга жавоб берадиган даражадами?

-  Ўзбекистон шахмат федерацияси, бош вазиримиз Абдулла Нигматович Арипов бошчилигида шахматда янги давр бошланди. Сабаби, Юртбошимизнинг шахсан ўзларини бошчилигида шахматчиларга катта эътибор қаратилиб, савияси ошяпти. Ҳозирги пайтда биз дунё рейтингида 200 давлат орасида 13-ўринда турибмиз. 2024 йилда Ҳиндистондаги биринчи жаҳон Олимпиадасида олтин медални, яқинда Франциядаги 25-шахмат Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритиб, ҳақиқатда Ўзбекистон шахмат мамлакати эканлигини, бу борада ривожланиб бораётганини тасдиқлаб қўйди. Юртимизда 2026 йилги шахмат Олимпиадасини ўтказилиши ҳам бизда шахмат спорт турига эътибор жуда катта эканлигидан далолат. Бизда олтин авлодимиз бор. Дунё миқёсида  катта рейтинга эга бўлган  Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Яқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов каби кучли шахматчиларимиз бор. Улар жаҳон миқёсида тан олинган шахматчилар. Уларнинг ортидан ёш авлод ҳам етишиб келяпти. Бизда шахматчиларни ривожланиши учун ҳамма шароитлар яратилган. Моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти. Шахмат академияси фаолиятини йўлга қўйиш, бундан ташқари, ҳатто шахматчиларнинг стипендиясигача ҳал бўляпти. Шахматчи бошқа масалаларга чалғимаслиги, фақат ўз устида ишлаб шахмат ўйнаши учун барча шароитлар яратиляпти. Эртага давлатимиз байроғини халқаро ареналарда баланд кўтарадиган шахматчилар бўлиб етишиши учун ҳамма зарур имконият ва шароитлар муҳайё қилиняпти.

- Шахмат бўйича бундан кейинги режалар қандай?

-  Боя айтганимдек, режаларимиз жуда катта. Бундан кейин шахмат бўйича Жиззахга эътибор қаратилади. Январь ойининг охиридан бошлаб Жиззахда 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олади. Бу мусобақа ҳам ёшларимизга ўз имкониятларини кўрсатиши учун катта мактаб бўлади. Йил охиригача мусобақалар кўп. Бундан ташқари, юқори ўринларни эгаллаган шахматчиларни жаҳондаги нуфузли шахмат мусобақаларига юборишни ҳам мўлжаллаб турибмиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Ўзбекистон чемпионати баҳслари жиддий тус олмоқда

Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи: "Шахмат мусобақаси учун шароитлар юқори савияда ташкил этилган"

Андижонда йирик шахмат мусобақаси старт олди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!