"Ёшларнинг ўйини ёқди, улар бизни асабийлаштиришди" ёхуд Канчельскис ва Исмоилов ўйиндан сўнг нималар деди?
Олдин хабар бериб ўтганимиздек, Андижонда “Ҳоким Кубоги” мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Бу янги мавсумга тайёргарлик кўраётган жамоалар учун айни муддао.
Кеча “Андижон” U21 “Бобур Арена”да Андрей Канчельскис бошқарувидаги Қирғизистоннинг “Мурас Юнайтед” жамоаси билан беллашди ва унда меҳмонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйиндан сўнг иккала жамоа устозлари фикрлари билан ўртоқлашишди.
Абдурашид Исмоилов: “Таркибнинг 80 фоизини аниқлаб бўлдим”
- Абдурашид Мухторович, аввало ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Бу ўйинда асосан йигитларни тайёргарлиги, камчилик ва ютуқлари борасида кўпроқ эътибор бердим. Жамоа янгитдан шаклланяпти. Чемпионатнинг биринчи ўйинини сафарда ОКМКга қарши ўтказамиз. Асосий эътиборимизни шунга ҳам қаратяпмиз. Яқин келажакда ёш, иқтидорли футболчиларни иложи борича асосий жамоага тайёрлаб беришимиз керак. Бош мураббий билан мулоқотда бўлиб, ҳамкорликда иш олиб бориляпти. Муҳими, истеъдодларни асосий жамоага етказиб бериш. Шошилмаган ҳолда ўқув-машғулот йиғинларини режа асосида олиб бормоқдаман. “Мурас Юнайтед”га қарши асосий майдонда ўйнаганимиз сабабли кўп нарсага гувоҳ бўлдим. Жамоани ютуқ ҳамда камчиликларини кўрдим ва ўйинда шунга эътибор қаратдим. Рақиб жамоа ҳам Қирғизистон чемпионатида етакчилардан ҳисобланади. Шунинг учун бу учрашув биз учун фойдали бўлди.
- Таркибни неча фоизга аниқлаб олдим, деб ўйлайсиз?
- Ўринбосарлар таркибимизни 80 фоизга аниқлаб бўлдим.
- Футболчиларни қилаётган меҳнати сизни қониқтиряптими?
- Қандайдир камчиликлар бўлди. Аммо мен қўл қовуштириб ўтирганим йўқ. Тажрибамдан келиб чиқиб, камчиликларни бартараф қилиб, бор эътиборимизни машғулотларга қаратдик. Охирги 10 кун давомида кунора ўйнаб, машғулотларда техник-тактик ва жисмоний тайёргарлигига эътибор бердим. Энди яқинлашаётган чемпионат баҳсларига қизғин ҳозирликни давом эттирамиз. Турнирдаги охирги учрашув бизга анча далда бўлди ва минус томонларимизни плюсга айлантиришга ҳаракат қиламиз.
Андрей Канчельскис: “Асосийси, ҳеч ким жароҳат олмади”
- Андрей Антанасович, ғалаба билан табриклаймиз.
- Раҳмат.
- Учрашув ҳақида нималарни айта оласиз?
- Сифатли майдонда ўйинни ташкил қилиб беришгани учун раҳмат. Унгача бундай майдонда ўйнамаган эдик. Майдон қойилмақом даражада. “Навбаҳор”да ишлаганимда биз бу ерга келгандик. Ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Ўйин яхши ўтди, юқори савияда бўлди. Кучли жамоа ғалаба қозонди. Натижадан қониқдим. Гол ўтказиб юборган вазиятда бироз ўйинни бўшаштириб юбордик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба ёқимли. Иккала жамоани чиройли ўйин кўрсатишгани учун табриклайман. Асосийси, ҳеч ким жароҳат олмади.
- “Андижон” ёшлари сизда қандай таассурот қолдирди?
- Биз чемпионатга тайёргарлик кўряпмиз. Мавсум 29 март куни старт олади. Ўйинларда йигитларни текшириб оляпмиз. Асосий таркибни ҳам аниқлаб олмоқдамиз. Сизнинг жамоангиз ўйини ҳам менга ёқди. Ёш жамоа, ўзини кўрсатаётган ёш, яхши футболчилар бор экан. Улар бу ўйин орқали бизни бироз асабийлаштиришди. Айниқса, биринчи бўлимда. Умумий олганда, яхши ёшлардан йиғилган жамоа экан. Уларга чемпионатда омад тилайман.
Фикрлар