Юбилей ўйин, Хебай учун сўнгги имконият ёхуд томошабинларсиз ўтадиган беллашув ҳақида
Чемпионатнинг сўнгги тури кутилганидек бир кунда ўтказилади. 7 та жуфтлик орасида қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтади. Тўғри, чемпион ва лигани тарк этган клублар номи аниқ. Бироқ кумуш ва бронза ҳамда қолган ўринлар учун кураш қизғин давом этмоқда. Табиийки, барчаси сўнгги турдан кейин аниқланади.
7 та жуфтлик орасида мухлисларни қизиқтираётган ўйинлар бор. Уларнинг орасида “Андижон” – “Бухоро” қарама-қаршилиги ҳам мавжуд. Балки ушбу тўқнашув ишқибозларда у қадар катта қизиқиш уйғотмаслиги мумкин, чунки бунинг эффекти сифатида бухороликларни про лигага тушиб кетгани билан боғлаш мумкин. Бироқ айтиш лозимки, мезбонлар учун бу ўйиннинг қиймати юқори. Чунки “Бургутлар” мавсумни 6-ўринда тугатиш имкониятига эга. Бунинг устига “Андижон” ҳужумчиси Рубин Хебайда чемпионатни тўпурар сифатида тугатиш имконияти мавжуд. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Андижон”ни ғалаба қониқтиради.
“Бухоро” клуби энди мутлақо босимсиз. Боиси, Улуғбек Бақоев жамоаси ўз уйида “Олимпик” клубига мағлубиятга учраганидан сўнг узил-кесил Суперлигани тарк этди. Бу жамоа ортиқча босимларсиз ўйнайди ва балки бу ҳолат “Бухоро”га бироз эркинлик бериши ҳам мумкин. Бироқ тажриба ва ўйин сифатидаги устунлик “Андижон”га асқотишини унутмаслик керак. Фақат бу ҳолатдан қанчалик фойдалана олишларига кўп нарса боғлиқ.
Эътиборлиси, “Андижон” – “Бухоро” ўртасидаги бу сафарги ўйин юбилей мақомида ўтади. Чунки Ўзбекистон чемпионати тарихида шу кунгача 49 та беллашувда майдонга тушишган. 1 декабрь куни ўтадиган учрашув эса бу клубларнинг юбилей 50-ўйинига айланади.
49 та ўйиннинг 15 тасида “Андижон” ғалаба қозонган. “Бухоро” 21 та баҳсда ғолиб чиққан. 13 та учрашув дуранг билан тугаган. Тўплар нисбати 65\80 меҳмонлар фойдасига.
Ёдингизда бўлса, жорий мавсумнинг биринчи даврасида Бухорода ўтказилган учрашувда Рубин Хебайнинг ягона голи “Андижон”га муҳим уч очкони тақдим этган. Бухороликлар охирги марта 2019 йили “Андижон”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Охирги 4 та баҳсда эса устунлик асосан андижонликлар тарафида бўлиб келмоқда.
Юқорида бежизга Хебай ҳақида тўхталганимиз йўқ. Биринчи даврада ҳам ягона голи билан жамоасига ғалабани тақдим қилган ҳужумчида чемпионатни энг яхши тўпурар сифатида якунлаш имконияти сақланиб турибди. Бунинг учун барчаси унинг ўз қўлида. У Драган Черан билан бирга 12 та гол билан тўпурарлар орасида пешқадамлардан бўлиб туришибди. Рубинда мавсумни тўпурар сифатида якунлаш истаги ва иштиёқи жуда баланд. “Бухоро” билан учрашув эса унинг учун охирги имконият. Шу боис мазкур учрашув Хебай учун ҳам жуда муҳим.
Яна бир жиҳатни унутмаслик керак, “Андижон” – “Бухоро” тўқнашуви томошабинларсиз ўтказилади. 23-турда “Бобур Арена”да ОКМКга қарши ўйиндан кейин андижонлик мухлислар дисквалификация туфайли сўнгги турда стадионга кириш имкониятидан маҳрум бўлдилар. Қизиғи, ўтган йили про лигада ушбу жамоалар ўртасидаги баҳс ҳам томошабинларсиз ўтказилганди. Бу сафар ҳам ўша ҳолат такрорланмоқда.
Қолаверса, “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков ва “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев яхши муносабатда ва улар дўст. Мутахассислар бир-бирини ва иш услубларини яхши биладилар. Дарвоқе, “Андижон” ҳам, “Бухоро” ҳам ўтган мавсумда про лигида иштирок этишган ва Суперлигага йўлланмани қўлга киритишган. Кўриб турганингиздек, бухороликлар учун мавсум муваффақиятсиз ўтди, андижонликлар эса аксинча чемпионатни анча барқарор ўтказгани билан эътиборга молик.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар