Юбилей ўйинда Бердиев Левченкони тўхтатадими?

Суперлигада 21-тур баҳслари давом этар экан, уларнинг ичида яна бир зўр ўйин бор. Гап Қаршида бўлиб ўтадиган “Насаф” ва “Нефтчи” жамоалари иштирокидаги бўлажак беллашув ҳақида кетмоқда. Мақсади бир бўлган клублар бу йўлда бир-бирига асосий рақобатчилар саналишади. Ҳозирда “Нефтчи” битта кам ўйин ўтказган ҳолда “Насаф”дан бир очкога олдинда ва кучли учликда. Қолаверса, ушбу баҳсда интригани янада ошираётган жиҳат шундаки, фарғоналиклар чемпионатда ҳали мағлубиятга учраганлари йўқ. “Насаф” “Нефтчи”нинг ушбу сериясини тўхтата оладими, деган савол кўпчиликни қизиқтиряпти.

“Насаф”ни кайфиятини биласиз-а? Яқинда Қаршида Осиё Чемпионлар лигаси 2-турида Қатарнинг номдор “Ал Садд” клубини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ундан аввал Иорданияда ҳам ғалаба қозониб келди. Орада чемпионт доирасида “Олимпик”ни ютди. Сезган бўлсангиз, Рўзиқул Бердиев жамоаси оптимал ўйинини йўлга қўйиб олди. “Нефтчи” эса ўтган турда “Бухоро”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда бўлажак ўйинга етиб келди.

насаф нефтчи1

“Насаф” ва “Нефтчи” бир-бири учун азалий рақиблар ҳисобланадилар. Буни яқин ўтмишдаги ўйинлар ва ундаги натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Навбатдаги учрашув жамоаларнинг юбилей 50-ўйинига айланади. Кичик устунлик мезбонлар томонида. Чунки “Насаф”да 20, “Нефтчи”да 18 та ғалаба бор. 11 та баҳсда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 65\56 “Насаф” фойдасига.

Бу йил биринчи даврада Фарғонада бўлиб ўтган ўйинда майдон эгалари 2:1 ҳисобида устун келганди. Қизиғи, ўтган йили Қаршида бўлиб ўтган баҳсда “Нефтчи” ягона гол эвазига “Насаф”ни мағлуб этиб қайтган. Айтиш керакки, қаршиликлар сўнгги маротаба фарғоналикларни 2018 йилги мавсумда мағлуб этган. Ўшанда Қаршидаги учрашувда “Насаф” 2:0 ҳисоби билан устунликка эришган.

насаф нефтчи

Дарвоқе, медаллар учун курашда яна бир даъвогар – “Навбаҳор” сафарда “Бухоро” билан ўйнайди. “Нефтчи” билан бир хил очкога эга бўлган наманганликлар Қаршидаги баҳсда кимнидир ғолиб чиқишни хоҳламайди ва дуранг улар учун мақбул вариант. Аммо ўз навбатида “Насаф” ва “Нефтчи”га дуранг керак эмас, айниқса, фарғоналикларга. Ахир чемпионатдаги энг кўп дуранг “Нефтчи”га тегишли – 10 та. Ҳар икки томон ғалабали юришини давом эттириш иштиёқида бор кучини сарфлайди.

Иккала клуб бош мураббийлари – Рўзиқул Бердиев ҳам, Виталий Левченко ҳам бир-бирларини яхши биладилар. Улар ҳозирда Суперлигадаги энг олди мутахассислардан. Уларнинг жамоалари иштирокида сифатли футбол кўрамиз, натижа эса...Кучлиги ютсин!

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсунов Рамазон
08/10/2023 00:04
Утган йили Насафни чемпиён булишига каршилик килгани учун Насаф хам шу йулни танлайди .Ва Насаф ютади.Оёкдан тортиш канака булишини Насаф Нефтчига курсатади олга Насаф камига иккита гол урган холда галаба килгин биз мухлислар сен билан олга Насаф.
&
Тўлқин Хайит
07/10/2023 21:08
Айтганингиздек кучлиси ютди.