Юлдузлар қутқара олишмади: Англия жаҳон чемпионатидан Аргентинадан ким сабабли чиқиб кетди
Икки йил ва бир неча кун ичида Англия иккинчи бор Испанияга қарши финалга чиқиш остонасида турганди. Аммо «уч шер» Аргентинага қарши ярим финалда ҳатто қўшимча дақиқаларгача етиб бора олмади. 85-дақиқагача ҳисобда олдинда бўлган жамоа охирги дақиқаларда орқа чизиққа жуда қаттиқ чекиниб кетди ва бу икки ҳалокатли голдан асраб қолмади.
«Футбол ихтирочилари» яна бир бор катта турнир совринидан маҳрум қолди. 60 йилдан буён (уйда ўтган Британия чемпионати ва Роуз кубогини ҳисобга олмаганда) йирик мусобақада ғолиб чиқолмаётган Англияга яна қанча кутишга тўғри келиши ҳозирча номаълум.
Энг юқори баҳолаш мезони – 10 балл (ўйин бошидаги старт баҳоси – 6,0).
ДЖУД БЕЛЛИНГЕМ – 3,0. Беллингем аввалги ўйинларда Англияни неча бор қутқарган бўлса, бу сафар шунчаки қутқара олмади. Ундан яна бир бор яккаликда олдинга чиқиб, ҳал қилувчи зарба йўллаш кутилганди. Лекин буни аргентиналиклар ҳам яхши тушунди ва унга умуман зарба бериш имконини қолдирмади. Аксинча, «альбиселесте» айнан шундай вазиятлардан фойда кўрди. Джуддан кутилган талаб жуда юқорими? Лекин ўзи шу даражага ўргатиб қўйган. Беллингемнинг кутилган голли паслар кўрсаткичи ҳам деярли нолга тенг – бор-йўғи 0,01.
ХАРРИ КЕЙН – 3,0. Кейн ҳам Беллингем каби ўйнади – кутилган даражада эмас. Олдин чизиқда унга деярли ҳеч нарса тушмади, шу боис у орқага чекиниб, чуқурроқ позициядан узатмалар беришга мажбур бўлди. Унинг узоқдан йўллаган бир узатмаси Тальяфико томонидан муваффақиятсиз қайтарилиб, Роджерснинг Гордонга голли пас бериш имкониятини яратди. Бироқ ортидан Кейнинг ўзи Морганнинг бошқа бир паст узатмасини яхши қабул қила олмади ва натижада Аргентина хавфли қарши ҳужумга чиқди. Албатта, Кейн чуқур позицияда ҳам фойда келтира олади, лекин у аввало марказий ҳужумчи. Устигина, саккизта яккакурашнинг олтитасида Гарри мағлуб бўлди.
ДЖОН СТОУНС – 3,0. Баланддан узатмалар – гўёки инглиз футболи учун одатий қурол. Лекин бу сафар айнан Аргентина шу услубга таяна бошлаганида, Англия дарвозаси томон иккинчи қаватдан жуда кўп зарбалар йўлланди. Гехи билан бирга Стоунс Холаннни яхши назорат қилди, аммо Нико Гонсалес, Алексис Мак Аллистер ва Лаутаро Мартинесни тўлиқ ёпишга эриша олмади. Месси томонидан Лаутарога йўлланган голли узатмада эса Стоунс бироз юқорироқ сакраб, ҳаводаги курашни ютиши мумкиндек туюлди, аммо бу амалга ошмади.

Фикрлар