Загреб Гран-приси дзюдочиларимиз учун 2 та медаль билан якунланди

Хорватиянинг Загреб шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при сериясига кирувчи халқаро мусобақа якунланди. Оғир вазн тоифасида кечган бугунги кун терма жамоамиз учун омадли хотима топди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси. 

+100 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган юртдошимиз Алишер Юсупов мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди. Юсупов мусобақа давомида Осиё ўйинлари ғолиби кореялик Сунгмин Ким, шунингдек, Словения, Польша терма жамоаси вакилларини мағлуб этди. Голландиялик Рой Майер дзюдочимиздан чорак финалда устун келганди. Бронза медали учун кечган курашда эса россиялик Ален Цховребов доғда қолдирилди.

Шу тариқа Алишер Юсупов фаолиятида илк бор Гран-при мусобақасининг медалига сазовор бўлмоқда. Шунингдек, жаҳон ва Токио Олимпиадаси учун 350 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.

Ўзбекистон терма жамоаси эса Загреб Гран-присида 1 тадан олтин ва бронза медалларига сазовор бўлди. Бу эса 86 мамлакат орасида бешинчи натижадир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!