Захирадан майдонга тушганлар катта саҳнада ёхуд "Андижон" - "Динамо" ўйини ҳақида

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳсларидаги учрашувлар давом этмоқда. “Ўлим гуруҳи” деб номланган “Н” гуруҳида “Андижон” “Бобур Арена”да Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилди. Суперлигада мағлубиятсиз юришини давом эттирган ҳолда пешқадамликни ўз қўлига олган “Андижон” клуби иштирокидаги учрашувни кузатиш ва мезбонларни қўллаб-қувватлаш учун “Бобур Арена”га 15 мингдан зиёд мухлис ташриф буюрди. Кутилганидек, бу сафар ҳам мухлислар аренада яна “ёндирдилар”.

Гарчи бу Кубок доирасидаги биринчи ўйин бўлишига қарамасдан майдонда иккала жамоа футболчилари жанговар ўйин намойиш қилишди ва асло Суперлигадаги темпидан қолишгани йўқ. Стадионга тўпланган мухлислар учун томошабоп тарзда кечди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Шунга яраша баҳс давомида ишқибозлар 4 та гол кўрдилар.

“Динамо” легионери Францис Нарх 11-дақиқада аниқ зарбаси билан ҳисобни очди. Шундан кейин ҳам меҳмонларда янв қулай вазиятларда бўлди. “Андижон” посбони Игорь Литовка қолган ҳолатларда рақиб ҳужумларини бартараф этди. Иккинчи бўлим янада қизиқарли кечди. “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков учрашувда бурилиш ясаш учун дарҳол керакли ўзгаришларга қўл урди. Бу эса ўз самарасини берди. Бунгача чемпионатда 5 та голга ассистни амалга оширган Бектемир Абдуманнонов яна ўзини кўрсатди ва захирадан майдонга тушган Шерзод Эсановга голли пас узатди. Ўз навбатида у боши билан дарвозага тўпни аниқ жойлаб қўйди. Лекин орадан 6 дақиқа ўтгач, меҳмонлар яна ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. “Андижон” ҳужум қилаётган маҳалда кутилмаганда Леван Арвеладзе тўпни йўқотди ва “Динамо” дарҳол қарши ҳужумга ўтди. Бу вазиятда легионер ҳужумчи Жоел Кожо ўзи учун яратилган имкониятдан фойдаланди ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

“Бургутлар” яна ташаббусни ўз қўлига олган ҳолда кетма-кет хавфли ҳужумларни уюштирди. Бу сафар ҳам захирадан майдонга туширилган футболчи катта саҳнага чиқди. Иқтидорли ҳужумчи Рустам Турдимуродов қанотдан Армин Бошняк томонидан узатилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Эътиборлиси, ушбу голда айнан захирадан учрашувга қўшилган футболчилар ўзларини кўрсатишди. Турдимуродов эса “Андижон” таркибидаги дебют голини уришга муваффақ бўлди.

Гарчи ғолиб аниқланмаган бўлса-да, мухлислар шиддатли учрашувдан баҳраманд бўлдилар ва ўйин барчага манзур бўлди. Ўйин марказий мақомини тўла оқлади. 

“Андижон” – “Динамо” – 2:2 (0:1).

13 апрель. Андижон. “Бобур Арена” стадиони. 15110 томошабин.

Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Руслан Серазетдинов, Бахтиёрхўжа Шавкатов.

Назоратчи: Валентин Коваленко.

Комиссар: Даврон Иброҳимов.

“Андижон”: Игорь Литовка, Ислом Маматказин, Владимир Бубанья, Илҳом Алижонов (Абдувоҳид Ғуломов 65), Сардор Азимов, Демир Имери (Муҳаммадкарим Тоиров, 46), Илҳом Абдуғаниев (Шерзод Эсанов, 46), Бектемир Абдуманнонов (Армин Бошняк, 80), Фарҳод Соҳибжонов, Леван Арвеладзе, Лука Згурский (Рустам Турдимуродов, 65).

“Динамо”: Фарҳод Раҳматов, Улуғбек Абдуллаев, Салим Мустафоев, Душан Мийич, Дамир Темиров (Хумоюнмирзо Иминов, 64; Баҳодир Насимов, 90+2), Францис Нарх, Санжар Шоаҳмедов, Фарруҳ Икромов (Ҳислат Халилов, 64), Журани Франсиско Феррейра, Анвар Ҳожимирзаев (Хусниддин Ғофуров, 86), Жоел Кожо.

Голлар: Францис Нарх, 11 – 0:1. Шерзод Эсанов, 67 – 1:1. Жоел Кожо, 73 – 1:2. Рустам Турдимуродов, 88 – 2:2.

Огоҳлантиришлар: Илҳом Абдуғаниев, 19. Бектемир Абдуманнонов, 77.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
15/04/2024 02:00
Рустам Турдимуродовнинг ёши нечада? Ҳужумчи бўлсаю, эндигина дебют голини урдими? Аввал қайси жамоада ўйнаган? Яна чала хабар.