Зидан гол уролмаган Мбаппе ҳақида гапирди
Мбаппенинг серияси тугади
Франция терма жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан Миллатлар лигасида Туркияга қарши ўйинда (2:1) Килиан Мбаппе кўрсатган ўйин ҳақида фикр билдирди.
«Уч ранглилар» сардори майдонда бутун беллашув давомида ҳаракат қилди, аммо гол ёки голли пас билан ажралиб тура олмади. Ҳолбуки, ундан олдинги етти учрашувнинг ҳар бирида юлдуз ҳужумчи рақиб дарвозасини ишғол этиб келаётган эди.
«Мен Килианнинг ўйинидан жуда мамнунман. У жамоа манфаати учун катта ҳажмда ишлади, икки-учта гол уришга тўлақонли ҳақли эди. Лекин Туркия дарвозабони ажойиб сэйвлар билан уни тўхтатиб қолди.
Мбаппе ўзига ўзи имкониятлар яратди, шу билан бирга тўпсиз ўйини ҳам менга ёқди. У сардор сифатидаги вазифаларини ҳам жуда юқори даражада бажарди», – дея таъкидлади Зидан TF1 телеканалига берган интервьюсида.
Франция терма жамоаси 13 очко тўплаб, А гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Ундан бир очкога кам натижа қайд этган Бельгия (12) иккинчи, Италия (10) учинчи бўлди. Туркия эса бирорта ҳам очко тўплай олмай, гуруҳни сўнгги поғонада якунлади (0).

Изоҳлар (0)