Зиркзеенинг маоши ошмасдан қолди
«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Жошуа Зиркзее жамоа Чемпионлар Лигасига йўлланма олганига қарамай, маошига қўшимча устама олмайди. Бу ҳақда Sport Bible нашри хабар берди.
Ўтган мавсум якунига кўра «Манчестер Юнайтед» Англия премьер-лигасида учинчи ўринни эгаллаб, келаси мавсум учун бош евроқитъа турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Клубдаги бир қатор футболчилар шартномаларидаги махсус банд туфайли маошларига 25 фоиз қўшимча олишади.
Бироқ бу тартиб барча ўйинчиларга ҳам тааллуқли эмас. Жошуа Зиркзее маоши ҳафтасига тахминан 122 минг евро миқдорида қолади. Сабаби – «Манчестер Юнайтед»да шартнома тузиш тизими ўзгарган. Зиркзее клубга 2024 йилда, яъни янги қоидалар кучга кирганидан кейин қўшилган. Ушбу қоидаларга кўра, футболчи жамоа Чемпионлар Лигасига чиққан тақдирда бонус олиши учун мавсум давомида камида 60 фоиз ўйин вақтларида майдонда бўлиши керак.
Шунингдек, жароҳатдан тикланаётган Мануэль Угарте ҳам бундай бонусдан маҳрум қолади. Унинг маошининг бир қисми жаҳон чемпионатида олган жароҳати сабаб клубларни ҳимоя қилиш дастури доирасида ФИФА томонидан қоплаб берилади.
Ҳозирча «Манчестер Юнайтед»да энг юқори маош олувчи футболчилар сифатида Маркус Рэшфорд ва жамоа сардори Бруну Фернандеш қолмоқда – уларнинг ҳар бири ҳафтасига тахминан 348 минг евро иш ҳақи олади. Кейинги ўринларда Беньямин Шешко (232 минг евро), Маттейс де Лигт (226 минг евро) ва Маттеус Кунья (209 минг евро) қайд этилган.

Фикрлар