Зоран Марушич: "Рубин"га қарши ўйин бизда ҳам аъло даражадаги савия борлигини кўрсатди"
“Нефтчи” клуби январь ойининг бошларидан буён Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Қолаверса, бир нечта ўртоқлик ўйинларида ҳам қатнашишяпти.
Таркибни биласиз, кучли футболчилардан ташкил топяпти. Яхши савиядаги легионерлар ҳам қўшилган. Ўтган йили “Насаф” билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритган сербиялик ҳужумчи Зоран Марушич бу йил “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилади. Унинг жамоага қўшилиши ҳужум чизиғини кучайтиришига хизмат қилиши табиий.
Куни кеча фарғоналиклар Туркияда Россия премьер-лигаси вакили Қозоннинг “Рубин” клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди ва унда “Нефтчи” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Марушич эса ушбу ўйин ва йиғин хусусида Sports.uz журналистига кичик интервью берди.
- Зоран, “Рубин” клубига қарши ўйин қандай кечди?
- “Рубин”га қарши ўйин – бундай сифатли жамоалар билан бемалол беллаша олишимизни кўрсатиб берди. Бизда ҳам жуда аъло даражадаги савия бор ва буни чемпионатда намойиш этамиз.
- Ўзингизни “Нефтчи”га тўлиқ мослашиб бўлдим деб ҳисоблайсизми ёки бу жараён давом этяптими?
- Клубда илгари ўзим билан бирга тўп сурган кўплаб ўйинчилар бор. Уларнинг деярли ярмидан кўпи мени яхши дўстларим ҳисобланишади. Улар туфайли янги жамоага мослашишим жуда тез юз бермоқда.
- “Нефтчи”да номдор ва юлдузли футболчилар йиғилди. Бу сиз ўйнаган жамоалар орасида энг кучлисими?
- Жамоа яхши футболчилардан ташкил топган. Мен бемалол бизнинг клубни ўзим тўп сурган клублар орасида энг яхшиси деб айта оламан.
- Бу мавсумда жамоани чемпионликдан бошқаси мутлақо қониқтирмайди. Шундай экан, чемпион бўлишга ваъда бера оласизми?
- Сизга буни ваъда бера олмайман. Аммо шуни ваъда беришим мумкинки, биз жамоа сифатида чемпионларга айлана олишимиз мумкин. Шу сабабдан ҳам биз бирлашдик ва шу мақсадга эришишни истаймиз.
- Бу йил нечта гол уришни мўлжаллаб турибсиз?
- Имкон қадар кўпроқ голлар уриш пайида бўламан. Ҳар доим шундай ўйлаганман. Бу сафар ҳам шундайлигича қолаверади.
Фикрлар