14 август кунги бокс оқшомида 3 нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилади
14 август куни Россиянинг Набережные Челни шаҳрида IBA.Pro 20 профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Унда бир қатор ўзбекистонлик чармқўлқоп усталари рингга кўтарилади.
Биринчи оғир вазн — 90,7 кг тоифасида фаолият юритаётган Ҳалимжон Мамасолиев (8-0, 7 КО) россиялик тажрибали боксчи Юрий Кашинский (22-5, 19 КО)га қарши жанг қилади. Ўн раундга мўлжалланган мазкур қарама-қаршилик Ҳалимжон учун фаолиятидаги муҳим синовлардан бири бўлади.
Профессионал бокснинг 55,3 кг вазн тоифасида ҳаракат қилаётган Миразизбек Мирзаҳалилов (5-0, 4 КО) эса IBF European чемпионлик камари учун мезбонлар вакили Чингиз Натиров (10-0, 5 КО) билан куч синашади. Бу жанг ҳам 10 раунд қилиб белгиланган.
Шунингдек, ярим ўрта вазн — 66,7 кг тоифасида Ҳавасбек Асадуллаев (8-0, 5 КО) россиялик Сергей Лубкович (20-0-2, 12 КО)га қарши 10 раундлик жанг ўтказади.
Профессионал бокс оқшомининг яна бир ўзига хос жиҳати — икки карра Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг фахрий меҳмон сифатида таклиф этилганидир.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бокс федерацияси хабар бермоқда.

Fikrlar