Ҳусанов тарихий ўйинда қатнашадими?
Англия премьер-лигасида 11-турнинг марказий учрашуви амалдаги чемпион “Ливерпуль” ва ўйини тобора кучайиб бораётган “Манчестер Сити” футболчилари ўртасида ўтказилади.
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола учун бу ўйин алоҳида аҳамият касб этади. Шу куни Пеп бош мураббий сифатида фаолиятидаги 1000-учрашувини ўтказади.
Қизиғи шундаки, испаниялик мутахассис юбилей ўйинини принципиал рақиб – “Ливерпуль” билан тўқнашувга тўғри келганини тақдир инъоми, деб қабул қиляпти.
- Шахсий юбилейим учун фақатгина битта рақиб танлашимга тўғри келганида ҳам айнан “Ливерпуль” энг яхши вариант бўларди. Мен анчадан бери бу мамлакатда ишлаяпман.
Табиийки, “Барселона” ҳаётимнинг муҳим бўлаги ҳисобланади. У ерда тўпни узатиб берувчи бола, футболчи ва мураббий бўлдим. Кейин “Бавария”да ажойиб даврларни ўтказдим.
Фаолиятимда “Ливерпуль” , айниқса, Юрген Клопп ишлаган даврда Англиядаги асосий рақибга айланди.
Бундан яхшисини ўйлаб топиш қийин. Тақдир ва Яратганнинг инояти шунақа экан, - деди Хосеп Гвардиола.
Экспертларнинг таъкидлашича, Этихад” стадионида бўладиган бу тўқнашув чемпионлик учун курашга таъсир ўтказидаган учрашувлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ўтган мавсумда айнан “Ливерпуль” футболчилари “Манчестер Сити”нинг рекорди – кетма-кет тўрт йил давом этган чемпионлик юришига нуқта қўйган эди. “Шаҳарликлар”нинг “қизиллар”да алами бор.
Шу билан бирга “Манчестер Сити”нинг бутун дунё ёйилган мухлислари, хусусан, ўзбекистонлик ишқибозларни марказий учрашувда Абдуқодир Ҳусановнинг ўйнаши алоҳида қизиқтирмоқда.
Ўтган мавсумда легионеримиз “Ливерпуль”га қарши майдонга тушган эди. Мухлису мутахассислар ўзбек ҳимоячисининг ўша баҳсдаги ҳаракатларини Англия майдонларидаги энг зўр ўйинларидан бири сифатида эътироф этиб келади.
Абдуқодир Ҳусанов сентябрь ойида олган жароҳатини бир ой давомида даволатиб сафга қайтган. 21 ёшли ҳимоячи Англия лигаси кубоги доирасида “Суонси Сити” билан бўлган учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушганди.
Бироқ Хосеп Гвардиола тактик ишланмалар нуқтаи назаридан Абдуқодир Ҳусанов ва Оскар Боббни чемпионат доирасида “Борнмут”га қарши учрашув қайдномасига киритмади.
Европа Чемпионлар лигасида “Боруссия Дортмунд” билан баҳсда ҳамютримиз қайдномага қайтарилди ва учрашувни захира ўриндиғида кузатди. Айрим экспертлар мураббий штаби Ҳусановни “Ливерпуль” билан бўлажак тўқнашувга пухта тайёргарлик кўришига имконият яратиб бергани ва навбатдаги баҳсда майдонга тушиши мумкинлигини таъкидламоқда.
“Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” ўртасида турни якунлаб берувчи марказий баҳс 9 ноябрь куни Тошкент вақти билан 21:30 да бошланади.
Шомуродов тўпурарлар пойгасида тоза биринчи ўринга чиқди
ФИФА янги ўзбек юлдузи ҳақида маълумот чиқарди
Ўзбек футболчиси жаҳон чемпионати “Олтин бутса”сига даъвогар!
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги ғалабасига қандай муносабат бўлди?Шомуродов “тахти”да қолди!Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?
Яна қанча гол керак? Шомуродов энди ҳақиқий тўпурарлигини исботлаяпти...



Комментарии