
Испанияда ўйнаган юлдуз Ўзбекистонни қабул қилаётган Каннаварога ўзгача мурожаат қилди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш жараёни халқаро футбол жамоатчилиги эътиборини ҳам жалб эта бошлади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбари терма жамоани 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёрлайдиган ва бўлажак мундиалда муваффақиятли иштирок этишни таъминлай оладиган мураббий қидириб, бир неча машҳур мутахассисларга мурожаат қилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бирга ишлашга розилик берган.
Бунга Португалия, Франция ва Испания чемпионатларида маҳорат кўрсатган Россия футболи тарихидаги энг ёрқин ўйинчилардан бири – Александр Мостовой ўз муносабатини ўзгача тарзда, яъни шеърий тўртлик тарзида билдирди.
Бу шеърнинг умумий маъноси қуйидагича:
Фабиони янги иш билан табриклайман,
Каннаваро ва Ўзбекистонга ёрқин ғалабалар тилайман.
Мундиалга ниятим шу, хуллас калом,
Мостовойдан Фабиога катта салом!
Александр Мостовой ўзининг телеграммдаги саҳифасига шеърий муносабат билан бирга Фабио Каннаваро билан машғулотда тушган суратини жойлади.
Александр Мостовой футболчилик фаолияти давомида “Спартак Москва”, “Бенфика”, “Кан”, “Страсбург”, “Сельта” ва “Алавес” шарафини ҳимоя қилиб, клублар миқёсида жами 445 та учрашувда рақиблар дарвозасини 116 маротаба ишғол қилган.
Ҳужумкор футболчи собиқ иттифоқ, МДҲ ва Россия миллий терма жамоалар сафида жами 65 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига 13 та гол ёздириб қўйган.
Фабио Каннаваро эса, профессионал футболчи сифатида Италияда “Наполи”, “Парма”, “Интер”, “Ювентус”, Испанияда “Реал Мадрид”, Бирлашган Араб Амирликларида “Ал-Аҳли” шарафини ҳимоя қилган.
Машҳур ҳимоячи Италия терма жамоасида 136 та учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини маҳорат билан бажаришдан ташқари бир жуфт гол ҳам урган. Каннаваро 2006 йили жаҳон чемпионлиги ва “Олтин тўп” совринига сазовор бўлди.
52 ёшли Фабио мураббий сифатида Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Саудия Арабистони, Италия ва Хорватия клубларида ишлаб, тажриба орттирган.
Комментарии