
Тезкор: Ҳусанов ҳақида нохуш хабар!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигаси доирасида 21 сентябрь куни “Арсенал”га қарши учрашувнинг биринчи бўлимида рақиб унинг оёғини босиб олиши оқибатида жароҳат олган эди.
Англиядаги бир неча нуфузли манбалар 21 ёшили ҳимоячининг жароҳати у қадар жиддий эмаслигини ва Абдуқодир қисқа муддатда сафга қайтиши, 5 октябрда “Брентфорд” билан бўладиган сафар учрашувида иштирок этиши мумкинлигини ёзганди.
Ана шу хабарлар асосида “Манчестер Сити” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси мухлислари Ҳусановнинг тезроқ майдонга қайтишини кутмоқда.
Бироқ, sportsmole.co.uk сайти эксперти Оливер Томас Анлия Премьер-лигаси еттинчи тури олдидан “Манчестер Сити”нинг лазаретдаги ўйинчилари ҳақида тайёрлаган маълумотномасида Абдуқодир Ҳусановнинг тикланиш муддати чўзилганини маълум қилди. Бу Ҳусановни кутаётган мухлису мутахассислар учун нохуш хабар бўлди.
- “Манчестер Сити” якшанба куни “Брентфорд”га қарши Премьер-лига доирасида Gtech Community стадионида бўлиб ўтадиган учрашувда барча мусобақалардаги мағлубиятсиз сериясини етти ўйинга етказишга интилади.
Хосеп Гвардиола жамоаси сўнгги учта чемпионат ўйинидан етти очко тўплади. Улар ўтган ҳафта “Бернли” устидан 5:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди.
Бироқ чоршанба куни UEFA Чемпионлар Лигаси умумий босқич иккинчи туридан ўрин олган учрашувнинг сўнгги дақиқаларида баҳсли пенальти сабабли “Монако” билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этиб, очко бўлишишга мажбур бўлди.
Энди “Сити” бор диққатини яна Премьер-лигага қаратади. Қуйида Sports Mole нашри жамоанинг “Брентфорд”га қарши ўйин олдидан жароҳатлар ва дисквалификациялар ҳақидаги энг сўнгги маълумотларни тақдим этади, - деб ёзди sportsmole.co.uk сайти эксперти Оливер Томас.
Қуйида “Сити”нинг жароҳатдаги юлдузларининг сафга қайтиши кутилаётган саналари ҳақидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.
РАЙАН ШЕРКИ:
Франциялик ҳужумкор футболчи сонидан олган жароҳати туфайли жамоасининг охирги еттита учрашувини ўтказиб юборди. Гвардиола Райан Шерки октябрь ойидаги халқаро танаффусдан кейин сафга қайтишини кутаётганини маълум қилди. Гарчи Шерки машғулотларга киришган бўлса-да, мураббийлар штаби уни эҳтиётлаш мақсадида “Брентфорд”га қарши майдонга туширмоқчи эмас.
Шеркининг эҳтимолий қайтиш санаси: 18 октябрь (“Эвертон”га қарши ўйин).
РАЙАН АЙТ НУРИ
23 август куни тўпиғидан жароҳат олган марокашлик чап қанот ҳимоячиси олтита учрашувдан бери жамоасига ёрдам бера олмаяпти. Ўйинчи шикастланганидан кейин ўтказилган текширувлар Айт-Нури қарийб икки ой даволанишини кўрсатганди.
Райан Айт-Нурининг эҳтимолий қайтиш санаси: 18 октябрь (“Эвертон”га қарши ўйин).
АБДУҚОДИР ҲУСАНОВ:
“Манчестер Сити”нинг ўнг қанот ҳимоясидаги муаммоларни ҳал қилиб келган Абдуқодир Ҳусанов “Арсенал”га қарши ўйиннинг биринчи ярмида шикастлангани боис, муҳим учрашувни давом эттира олмади.
Шундан кейин ўзбек футболчиси учта учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Абдуқодирнинг сафга қайтиш муддати чўзиладиган бўлди. 21 ёшли ҳимоячи октябрь ойидаги халқаро танаффус вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинида қатнаша олмаслиги мумкин.
Абдуқодир Ҳусановнинг эҳтимолий қайтиш санаси: 18 октябрь (“Эвертон”га қарши ўйин).
Умар МАРМУШ
Умар Мармуш сентябрь ойида Миср терма жамоаси сафида жароҳат олганидан сўнг олти ўйинни ўтказиб юборди. У ҳам октябрдаги терма жамоа ўйинларидан кейин асосий таркибга қайтишга умид қилмоқда.
Умар Мармушнинг эҳтимолий қайтиш санаси: 18 октябрь (“Эвертон”га қарши ўйин).
“Манчестер Сити” таркибида “Брентфорд”га қарши ўйин учун дисквалификация қилинган футболчилар йўқ.
Англия Премьер-лигасининг еттинчи туридан ўрин олган “Брентфорд” ва “Манчестер Сити” учрашуви 5 октябрь куни Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.
Фикрлар