АПЛ биринчи жамоа билан хайрлашди
Жорий мавсумни бўш ўтказган “Вулверхэмптон” ҳали чемпионат якунланмай туриб, Англия Премьер-лигасини тарк этган биринчи жамоага айланди.
Бу ҳолат 33-тур натижаларига кўра юз берди. “Кристал Пэлас” ва “Вест Хэм Юнайтед” ўртасидаги учрашув 0:0 ҳисобида дуранг билан якунлангани “Вулверхэмптон”нинг расман лигада қолиш имкониятини йўқотишига олиб келди.
33-тур доирасида 20 апрель куни “Кристал Пэлас” Лондонда “Вест Хэм Юнайтед”ни қабул қилди ва ўйин голларсиз якунланди. Шунингдек, 18 апрель куни “Лидс Юнайтед” ўз майдонида “Вулверхэмптон”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Мана шу икки ўйин натижаси “бўрилар”ни қуйи лигага тушириб юборди.
Мавсум якунланишига беш тур қолган бир пайтда “Вулверхэмптон” ҳисобида 17 очко бор. Жадвалда 17-ўринда бораётган “Вест Хэм Юнайтед” 33 очко тўплаган. Шу тариқа, “бўрилар” жорий чемпионат якунига кўра Англия футболи элитасида қолиш учун математик имкониятларини батамом йўқотди.
Ҳозирги вақтда қуйи лигага тушиб кетиш ҳудудида 31 очкога эга “Тоттенхэм Хотспур” ва 20 очкоси бор “Бёрнли” жойлашган. Аввалроқ келаси мавсумда Премьер-лигада “Ковентри Сити” иштирок этиши маълум қилинган эди.

Фикрлар