Дастан Сатпаевнинг дебюти омадсиз чиқди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Қозоғистонлик футболчи Дастан Сатпаев майдонга иккинчи бўлимда туширилди ва жами 35 дақиқа ўйнади. Аммо у жамоасини сафардаги учрашувда қутқара олмади. «Бёрнли» футболчилари «Вест Бромвич» меҳмони бўлиб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради.

Sports.kz интернет-нашри қозоғистонлик ёш истеъдоднинг илк ўйини ҳақида сўз юритар экан, Сатпаев ҳам, бутунлай «Бёрнли» жамоаси ҳам омадсиз ўйин намойиш этганини таъкидлайди.

«Вест Бромвич»га қарши беллашув арафасида «Бёрнли» бош мураббийи Ники Хайен янги футболчисини алоҳида қайд этиб, унинг маҳорат ва техникасини мақтаган эди. Сатпаев асосий таркибда мустаҳкам ўрин эгаллай оладими, деган саволга эса мураббий аниқ жавоб бермасдан, у учун майдондаги ҳар бир футболчи муҳимлигини айтди. Шу билан бирга, унинг гапларидан Дастан бу учрашувда майдонга тушиши деярли аниқ экани сезилиб турарди.

Шундай бўлди ҳам. Сатпаев 57-дақиқада Жош Лорент ўрнига ўйинга қўшилди. Ўша пайтга келиб «Бернли» ҳисобда 1:2 ортда кетаётган, гарчи учрашув бошида ҳисобни очган бўлса-да.

Меҳмонлар устози учрашувни айнан қозоғистонлик легионер ёрдамида қутқаришни кўзлагандай туюлди. Бироқ Дастан майдонга тушганидан атиги 5 дақиқа ўтиб, «Вест Бромвич» ҳақли равишда пенальти ишлаб олди ва уни аниқ амалга ошириб, ҳисобни 3:1 қилди.

Қозоғистонлик вингернинг ўйинига келсак, у кўрсатган ўйин омадсиз чиққани қайд этилмоқда. Дастан «Бёрнли» ҳужумида ҳам ўнг, ҳам чап қанотда ҳаракат қилди, доимий равишда ўзини таклиф қилиб турди. Аммо афсуски, у кўпроқ пас беришда, ҳужумни давом эттиришда кўринди, фаол ҳужум ҳаракатлари эса деярли кузатилмади.

Дастаннинг статистикаси ҳам бундан далолат беради: у фақат бир бор рақиб қоида бузишига сабаб бўлди, рақиб жарима майдонига йўлланган узатмаларидан иккитадан бири ҳам манзилига етмади, жарима майдони ичига йўлланган ягона паси ҳам самарасиз чиқди. Бир марта тўпни тортиб олишга уринди, аммо муваффақиятсиз, финал учдан бир қисмига йўлланган тўртта узатманинг учтаси эса манзилига етди. 35 дақиқа учун бу кўрсаткичлар жуда кам.

Шу боис «Бернли» мураббийи амалга оширган бешта алмашув орасида Сатпаевнинг баҳоси энг паст бўлгани ажабланарли эмас. Flash score талқинига кўра, у бор-йўғи 6,1 балл олди.

Бу ҳолатда айб фақат Сатпаевдами? У ҳали жамоага мослашиш жараёнида экани аён. «Бернли»нинг ўйини эса ҳозирча Англия премьер-лигасига қайта чиқиш учун кураша оладиган даражада эмас. Энг яхши ҳолатда жамоа Чемпионшип турнир жадвали ўрта қисмида қолиши мумкин, аммо бу ҳам кафолат эмас. Бир ўйин, айниқса 35 дақиқага қараб, қатъий хулоса чиқариш эрта. Асосийси — мураббий унга қай даражада ишонади ва қанчалик тез-тез асосий таркибдан ўрин беради.

Учрашув давомида баъзи эпизодларда Сатпаев тўп олиш учун деярли ўз жарима майдонисигача қайтишга мажбур бўлди.

«Бёрнли»нинг навбатдаги ўйини 26 август куни Англия лига кубоги доирасида сафарда «Брэдфорд Сити»га қарши бўлади. Шу учрашувда Ники Хайен Сатпаевга бошиданоқ майдонга тушиш имконини бериши, унга аниқ позиция белгилаб, бутун майдон бўйлаб ўзини таклиф қилишига йўл қўймаслиги мумкин.

29 август куни эса «Бёрнли» Чемпионшипнинг илк икки туридан сўнг аутсайдерлардан бири ҳисобланган «Норвич» меҳмони бўлади. Айнан шу икки ўйин Дастан учун ўта муҳим. У ўзини энг яхши томондан кўрсатиб, идеал ҳолатда жамоага икки ғалаба олиб бериши керак. Акс ҳолда, жамоанинг ҳозирги ўйини шароитида унга доимий равишда асосий таркибдан жой олишга умид қилиш қийин бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!