Ҳамюртимиз қишки Олимпия ўйинларига тайёргарликни Италияда олиб бормоқда

Хабарингиз бор, тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев шу йил 4-20 февраль кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларида иштирок этади. Спортчимиз тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида тоғ чанғи спортининг слалом ва гигант слалом йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Таъкидлаш керак, Тўхтаевнинг Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишида Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон чанғи федерацияси томонидан спортчининг халқаро мусобақалардаги иштирокини саралаш давридан стратегик жиҳатдан тўғри режалаштирилганлиги муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, спортчимизнинг Европада ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиши ва халқаро мусобақалардаги иштироки Туризм ва спорт вазирлиги томонидан молиялаштирилди.

Ҳамюртимиз қишки Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида шу йилнинг 6 январида Италияга жўнаб кетган эди. Шу кунларда Комилжон Тўхтаев Италиянинг Брунико шаҳарчаси яқинидаги Мангуелфо қишлоғида италиялик тренер Маттиа Ганесси раҳбарлигида машғулотлар олиб бормоқда. Ушбу мутахассис қишки Олимпия ўйинларига Ўзбекистон номидан рўйхатдан ўтказилган.

Режага кўра, К.Тўхтаев кунига икки маҳалдан машғулотлар олиб бормоқда ва Италиядаги йиғин январ ойининг охирига қадар давом этади. Шундан сўнг спортчимиз қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Пекинга йўл олади.

Қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими 4-февралга белгиланган.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×