“Қизилқум”нинг ўйини ижобий томонга ўзгарган. Шу боис, деярли якунига етган биринчи давра жамоа ўзидан яхши таассурот қолдирди.

Бош мураббий Ҳамиджон Актамов бу сафар яхши жамоа тузгани билинди. Иккинчи даврада эса таркиб нисбатан кучайтирилади. Sports.uz мухбири билан суҳбатда мураббий режалар билан ўртоқлашди.

- “Қизилқум”нинг биринчи даврадаги ўйини кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Бош мураббий сифатида сиз ҳам қониқдингизми?

- Биз ҳали ишимизни охиригача етказганимиз йўқ. Нима биландир мақтанишга вақтли. Қиладиган ишларимиз кўп. Шунинг учун ҳозир ҳеч нарса дея олмайман. Мавсумни совринли ўринларда якунлашга ҳаракат қиляпмиз.

- Жамоанинг ўйиндан-ўйинга кучайиб боргани асосан нима билан боғлиқ эди?

- Бу аввало жамоадаги аҳиллик. Биздаги ҳамма футболчи бир хил меҳнат қилади. Машғулот ва ўйинда ҳам йигитлар охиригача курашади. Улар ҳаммага ҳам ғалаба кераклигини яхши тушунишади. Шу сабабли, мураббийлар ва футболчилар бир оила бўлиб ҳамжиҳатликда ишлаяпти. Бизнинг жамоада ҳеч қанақа ғийбат ёки норозичилик йўқ. Кўз тегмасин.

- 5 июлдан трансфер ойнаси очилади. “Қизилқум”да ҳам айрим ўзгаришлар бўлади. Кечадан бери Ислом Кенжабоевни жамоангизга ўтгани ҳақида хабарлар тарқалди...

- Бу гап тўғри. Ислом билан охирги нуқтани қўйиб гаплашиб олдик. Кенжабоев бизга қўшилди, бу аниқ.

- Кенжабоевни таклиф қилиш ташаббуси ўзингиздан чиқдими?

- Бу фикр олдиндан бор эди. Кореяга кетмасидан аввал ҳам чақирганмиз. Агар у ерга кетмаса, “Қизилқум”да тўп суриши керак эди. Фақат Кореядан яхшироқ вариант чиққани ва ўзи ҳам легионер сифатида ўйнашни истагани учун ўша ерга йўл олганди. У Жанубий Кореяда нима қилди, нега ўйнамади, бунинг менга қизиғи йўқ. Буларнинг тарихини ўзим яхши биламан. Кўпчилик томонидан у деярли ўйнамади, битта учрашувда тўп сурди холос, деган гаплар бўляпти. Аммо мен бу гапларга эътибор қилмадим. Бу футболчида пойдевор бор, мактаб кўрган. Бемалол эплаб кетади.

актамов1_1

- Шунингдек, навоийлик яна бир ўйинчи Жасур Жалолиддиновга ҳам жиддий қизиқаётганингиз ҳақида эшитдим...

- Биз ҳар доим қизиққанмиз. Чунки у кўз остимизда катта бўлган бола. Аммо Жасурни “Андижон” билан шартномаси бор ва у ерда яхши ўйин кўрсатяпти. Андижонда ўзига яраша мухлислари бор. Шартномаси бўла туриб, бизга кел, деб айта олмайман. Бундай вазиятда ишга профессионал муносабатда бўламиз. Шартномаси тугаган бўлса, эркин бўлса, кейин таклиф билан чиқишим мумкин. “Андижон”нинг ўйинлари ёқяпти. Шу ўринда клуб ишқибозларини Намангандаги ғалаба билан табриклайман. “Навбаҳор”га қарши ўйинини бошидан охиригача кўрдим, чиройли бўлди. “Андижон”да тартибли ўйин бор, жамоа яхши ўйнади.

- Жамоангизга қандай футболчиларни олишни яхши биласиз. Иккинчи даврада яна қайси ўйинчиларни “Қизилқум” таркибида кўрамиз?

- Худога шукр, чизиқларимиздаги барча футболчиларимиз яхши, уларга ишонамиз. Зиммаларидаги вазифаларини оқлайди. Фақат қўшимча сифатида ҳужум чизиғига янги футболчи оламиз.

- Бу борада кимни мўлжаллаяпсиз?

- 4-5 та номзодни кўриб чиқяпмиз.

- “Қизилқум”ни кимлар тарк этди?

- Жамоани ҳозирча ҳеч ким тарк этгани йўқ.

- Ойбек Қиличев охирги учрашувларда нима учун кўринмади?

- Одам дегани шамоллайди, касал бўлади, тўғрими? Ахир робот эмас-ку. Ҳаммага айтдим, бу ҳақда. Тўғри, Ойбек Қиличевга бошқа клублардан таклифлар бўляпти. Менимча, у кетса керак, чунки яхши таклифлари бор.

- Навоийлик футболчиларни бир жамоага йиғишни мақсад қилганмисиз?

- Мен бу навоийлик, буниси бухоролик ёки самарқандлик деб ҳеч қачон ажратмайман. Ҳаммамиз битта мамлакатдамиз ва терма жамоамиз учун ҳаракат қиламиз. Агар ризқи қўшилган бўлса, шу ерга келиб ўйнайди, ким бўлишидан қатъий назар. Миллатчилик характерим йўқ. Ҳаққоний меҳнат қиладиган ва ҳаққоний иш бўлган жойда барака ҳам бўлади.

актамов2_2

- Бу ҳақда бежизга сўрамадим. Навоийлик Остон Ўрунов ҳозир Россияда, аммо ҳали ўз клубини тополмаяпти. Кенжабоев, Жалолиддинов, Ўрунов каби навоийликларни бир жамоага йиғиш ниятингиз борми? Масалан, Остонни вақтинча бўлса ҳам ўйин амалиётини ошириш учун таклиф қилмоқчимисиз?

- Остон Ўрунов аввал ўзини четда синаб кўрсин. Агар хорижда ўйнамайман деса, кейин таклиф билан чиқишимиз мумкин. Аммо қанча кўп футболчиларимиз четда ўйнаса, бундан ўзбек футболи ютади. Буни олдин ҳам айтганман. Уларни хорижда тўп суришини фойдали томонлари кўп. Масалан, иқтисодимизга ҳам яхши. Чунки валюта олиб келади. Иложи борича четда ўйнаётганларга тегмайман.

- Таркибдаги легионерлар сақланиб қолинадими ёки яна қўшимча хорижлик футболчини чақирасизми?

- Қўшимча осиёлик легионер излаяпмиз. Япония ва Жанубий Корея футболчилари билан музокара олиб боряпман. Ўхшаб қолса, олиб келамиз.

- Бундан чиқди, тожикистонлик Жаҳонгир Эргашев кетибди-да?!

- Ҳа, ўша пайтда кетганди. Оилавий шароити тўғри келмади. Унга бошқа ҳеч қандай эътироз йўқ.

- Иккинчи даврага тайёргарлик режаси қандай?

- Учта назорат ўйини режалаштириб қўйганмиз. 11 -12 июль кунлари йиғиламиз. Биринчи йиғин Навоийда бўлади, кейин Тошкентга кетамиз. Ўртоқлик ўйинлари ҳам ўша ерда бўлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
04/07/2021 13:20
Кучайсин!!!

Минбар

Барча блоглар