“Манчестер Сити” ҳомийси пул ювиш айби билан катта жаримага тортилди
“Манчестер Сити”нинг расмий ҳомийси – OKX криптовалюта биржаси пул ювишга қарши курашиш бўйича қонунчиликни мунтазам равишда бузгани учун назорат органлари томонидан қарийб 400 миллион фунт стерлинг (472 миллион евро) миқдорида жаримага тортилди.
Бу ҳақда The Sun хабар берди.
Текширув маълумотларига кўра, платформа 5 миллиард доллардан ортиқ суммада шубҳали транзакциялар ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жараёнларига кўмаклашган.
Назорат органлари мижозларни текшириш протоколларида камчиликлар борлигини ва шубҳали операцияларга эътибор берилмаганини аниқлаган.
Ушбу воқеа “Манчестер Сити” раҳбариятини репутациявий хавфларни баҳолашга ва OKX билан шартномани муддатидан олдин бекор қилиш имкониятини кўриб чиқишга мажбур қилган.
Ҳамкорлик тўғрисидаги келишув 2022 йилда имзоланган бўлиб, клубга машғулот либосида брендни жойлаштириш учун ўнлаб миллион фунт даромад келтирган.
Аввалроқ Англия клуби Премьер-лиганинг молиявий қоидаларини бузганликда айбдор деб топилган эди. Шунингдек, кўп сонли қоидабузарликлар туфайли “Манчестер Сити” Премьер-лигадан четлатилиши ва қўлга киритган совринларидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Фикрлар