Манчестерликлар бошқа мураббий топиб қўйди
“Манчестер Юнайтед” раҳбарияти мавсум стартидаги мваффақиятсизликлардан сўнг “Брайтон” бош мураббийи Фабиан Хюрцелерга қизиқиш билдира бошлади.
Янги мавсум бошидаги вазиятдан сўнг амалдаги бош мураббий Майкл Кэррикнинг клубдаги келажаги жиддий савол остида қолмоқда.
“Манчестер Юнайтед” Премьер-лигадаги дастлабки бешта учрашувнинг фақат биттасида ғалаба қозонди ва ҳозир турнир жадвалида 12-ўринда бормоқда. Шунингдек, жамоа ўз майдонида айнан “Брайтон”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва Лига кубогини тарк этди.
Италия матбуоти “Манчестер Юнайтед”ни Антонио Конте билан боғлашда давом этмоқда. Нашрлар “Челси” ва “Тоттенхэм”нинг собиқ бош мураббийи Манчестер клубидан қўнғироқ кутаётганини ёзмоқда.
Айрим манбалар эса, Кэррик ўрнига “Ньюкасл”нинг собиқ бош мураббийи Эдди Хауни асосий номзод сифатида кўрсатмоқда.
Football Insider эса “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти Хюрцелернинг “Брайтон”даги ишидан таассурот олганини хабар қилди.
Немис мутахассиси жамоаси манчестерликларни Лига кубогидан чиқариб юборишдан ташқари амалдаги чемпион “Арсенал”ни ҳам 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, “Брайтон” футболчилари “Челси” ва “Астон Вилла” каби кучли жамоаларни ҳам енгди.
Бироқ Хюрцелернинг клуб билан шартномаси 2029 йилгача амал қилади. Шу боис “Брайтон” 33 ёшли немис мутахассиси учун катта товон пули талаб қилиши мумкин.

Фикрлар