"Нефтчи"нинг Анталия йиғини тугади. Амалдаги чемпион мавсумга тайёрми?
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони "Нефтчи" жамоаси Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилган икки босқичли ўқув-йиғин машғулотларини ўз ниҳоясига етказди.
3 январдан 20 январгача давом этган биринчи босқич ҳамда 24 январдан 17 февралгача бўлиб ўтган иккинчи босқич орқали жамоа янги мавсум олдидан пухта тайёргарлик жараёнини тўлиқ якунлади.
Бош мураббий Исломбек Исмоилов ва мураббийлар штаби томонидан ишлаб чиқилган режа асосида футболчилар кунига икки маҳалдан машғулотларда иштирок этишди. Машғулотлар асосан тактик ишланмалар, ўйин схемаларини мукаммаллаштириш, жисмоний ҳолатни яхшилаш ҳамда аналитик таҳлиллар асосида камчиликларни бартараф этишга қаратилди. Жараён юқори интизом, профессионал ёндашув ва ижобий муҳитда кечди.
Назорат учрашувларида эса машғулотларда ишлаб чиқилган тактик ғоялар ва схемаларни амалиётда синовдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. "Нефтчи" йиғин давомида жами 9 та назорат ўйинида майдонга тушиб, шулардан 6 тасида ғалаба қозонди ва 3 учрашувда мағлуб бўлди. Бу натижалар тайёргарлик жараёнининг самарали ўтганини кўрсатади.
Йиғин давомида 30 нафар футболчи майдонга чиқди, уларнинг 11 нафари ёш иқтидор эгалари экани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу эса клубда соғлом рақобат ва келажак учун мустаҳкам захира шаклланаётганидан далолат беради.
Шу тариқа, Анталияда ўтган йиғин машғулотлари муваффақиятли якунланди ва "Нефтчи" бугун Ўзбекистонга қайтмоқда. Энди асосий эътибор расмий учрашувларга қаратилади.
Фикрлар