Ўзбекистонлик яна бир спортчида допинг аниқланди

Жорий йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган I МДҲ ўйинларида иштирок этган муай-тай спорт тури бўйича терма жамоа аъзоси Фахриддин Хасановдан олинган допинг-синамасида тақиқланган модда аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

I МДҲ ўйинларида 57 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи Фахриддин Хасанов олтин медальга сазовор бўлган эди. Жорий йилнинг 8 сентябрь куни мусобақа жараёнида топширган допинг-синамасидан “мельдоний” тақиқланган моддаси аниқланган. “Meldonium” тақиқланган моддалар рўйхатининг S4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади.

Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Халқаро тестлаш ва тергов-суриштирув бўйича стандарти талабларига асосан, Ф.Хасанов жорий йилнинг 8 октябридан бошлаб мазкур ҳолат Россия антидопинг агентлиги (RUSADA) томонидан тўлиқ ўрганилиши ва тегишли қарор чиқазилгунча қадар спорт фаолиятидан вақтинча четлаштирилади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар