Ҳусанов қўлдан чиқди, кўзингиз қаерда эди?

Россиянинг энг кучли мураббийларидан бири, Москванинг “Локомотив” жамоаси билан уч карра чемпион бўлган Юрий Сёмин “Спорт Экспресс” нашрига берган интервьюсида “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик  ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов нега РПЛда илгарироқ кашф этилмаганига ҳайрон бўлди.

- Ҳусанов мен учун ҳақиқий кашфиёт! У “Сити”да бирданига пайдо бўлгани йўқ.  Аввалига Ўзбекистонда ўйнаган, кейин Беларусда, сўнг Францияга ўтган ва у ердан Англияга йўл олган.

Хўш, бизнинг башоратчи селекционерлар қаерда эди? Қандай қилиб бундай футболчини кўздан қочиришди?

Футболни ва футболчини кўра билиш керак! “Локомотив”да Хвича Кварацхелияни ҳам шундай қўлдан чиқариб юборишган эди.

Гвардиола эса бу “олмос”ни кўра олди ва жамоасига олиб келди. Ҳусанов марказий ҳимояда ҳам, қанотда ҳам сифатни йўқотмасдан ўйнай олади, бу эса кам учрайдиган ноёб истеъдоди.

Абдуқодир ҳали жуда ёш бўлишига қарамай, Пепдек юқори даражадаги мураббий унга энг муҳим ўйинларда ишонч билдирмоқда.

“Манчестер Сити”да эса тўла трибуналар, кучли рақиблар ва юқори босим мавжуд.

- Ҳусановни «Сити»да икки марта ойнинг энг яхши футболчиси деб танлашди...

- Кўриб турибсиз – яхши ўйнаяпти. Аммо энг муҳими, уни стереотипларсиз кўра билиш керак эди. Қандай қилиб, Ҳусанов бизнинг лига эътиборидан четда қолди? Менимча, агар уни Ўзбекистондан РПЛ клубларидан бири чақирганида, у албатта борган бўларди. Аммо уни пайқашмади — муаммо мана шунда, - деди Юрий Сёмин.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” академиясида таҳсил олган. Профессионал фаолиятини 2022 йили Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида бошлади. 2023 йилнинг ёзида ўша пайтдаги Франция вице-чемпиони “Ланс” ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олди.

Франция чемпионатидаги бир ярим йиллик фаолияти давомида ўз салоҳиятини намойиш эта олган Абдуқодир Ҳусановни Европанинг энг қудратли клублари нишонга олди. Ўйинчи учун рақобатда бирданига 40 миллион евро тиккан “Манчестер Сити”  ютиб чиқди.

Ҳусанов қисқа фурсатда “шаҳарликлар”нинг асосий ўйинчисига айланди. Англияга борганидан кейин бир йилдан сал кўпроқ муддат ичида уч маротаба “Манчестер Сити”да ойнинг энг яхши ўйинчиси бўлди.

Бундан ташқари, Ҳусанов Хосеп Гвардиола қўл остида клублар миқёсидаги биринчи соврини – Англия лигаси кубогига ҳам сазовор бўлди.

Ҳусанов ўзидан тезкор футболчи номини айтди

Еврокубокда ўйнайдиган клуб ўзбек футболчиси трансферини эълон қилди

Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!

Ҳусанов рейтингда биринчи!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!