"Пахтакор" Боян Матич билан хайрлашди

Янги мавсум олдидан “Пахтакор” сафида ҳам ўзгаришлар юз беради. Шу сабабдан жамоани тарк этадиган ва янги қўшиладиган ўйинчилар бўлиши табиий.

Ёдингизда бўлса, “шерлар” сафига иккинчи давра олдидан сербиялик ҳужумчи Боян Матич таклиф қилинганди. Ўшанда у билан мавсум охирига қадар шартнома имзоланган. Агар легионер ўзини кўрсатса, келишув узайтирилиши кўзда тутилган.

Яқинда Sports.uz сайтига берган интервьюсида келаси йили ҳам "Пахтакор"да тўп суриш нияти борлигини ва имконият берилса, ишончни оқламоқчилиги ҳақида гапирганди.

Аммо 22 декабрь куни 30 ёшни қаршилайдиган сербиялик ўйинчи Суперлигада “Пахтакор” таркибида 12 та учрашувда майдонга тушиб рақиблар дарвозасига 2 марта гол урди. Ҳужумчининг бундай натижаси клуб раҳбариятини қониқтирмади.

Sports.uz сайтига маълум бўлишича, “Пахтакор” Матич борасида бир қарорга келди ва клуб у билан хайрлашишни лозим топди. Шундай қилиб, Боян “шерлар” жамоасини тарк этган илк футболчига айланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!