Равшан Эрматов Тожикистонга жўнаб кетаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан учрашди

Хабарингиз бор, 19-23 ноябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шахрида CAFA U-15 турнири ўтказилади. Мазкур мусобақага тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда йиғин ўтказмоқда.

Бугун Чиғатой базасида ўтказилган назарий машғулотига ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ташриф буюрди.

эрматов2_1

Сервер Жепаров бошчилигидаги мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва имкониятлари хусусида суҳбатлашилди. Ҳар кунлик тайёргарликка замонавий ёндашиш, янги технологияларни жалб этиш, спорт тиббиёти, витаминизация ва тикланиш жараёнига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур жамоа 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадага мақсадли ва тизимли тайёргарлик олиб бориши, кейинги йилги Осиё чемпионати саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этиб, турнирнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритиши, шунингдек, 2023 йил ўтказиладиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиши мақсад қилинган.

Равшан Эрматов футболчилар билан суҳбатда келажакда миллий терма жамоа сафида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, спортимиз фахри бўлишига тилак билдирилди. Бу йўлда ахиллик, майдонда ва ундан ташқарида бир жамоа бўлиш, терма жамоа сафида “мен” эмас, балки “биз” деган сўз устувор бўлиши зарурлигини эътироф этди.

эрматов_2

“Сизда келажакда Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланиш имкони бор. Ана шу орзуга етишиш учун ҳозирдан ўз олдингизга юқори мақсад қўйишингиз керак. Бунга ирода, сабр, интизом каби ҳислатларни намойиш этиб, энг муҳими, тинмай меҳнат қилган ҳолда эришиш мумкин”, - дея таъкидлади Эрматов.

Эслатиб ўтамиз, вакилларимиз CAFA U-15 турнирида иштирок этиш учун эртага Душанбе шаҳрига жўнаб кетишади. Сервер Жепаров шогирдларининг дастлабки ўйини 19 ноябрь куни Эронга қарши ўтказилади.

ЎФА матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар