Сирли жангда матонат кўрсатган бокс қироли (Кассиус Клей) Муҳаммад Алининг дунёга келиши

Сонни Листон 1962 йилда ўтказилган ва Флойд Паттерсонни биринчи раунднинг иккинчи минут, олтинчи сониясидаёқ нокаутга учратган жанги орқали супер оғир вазнда жаҳон чемпионига айланган. Листоннинг илк ҳимоя жанги Паттерсонга қарши реванш бўлди ва аввалги жангдан тўрт сония узоқроқ давом этди, холос. Паттерсон устидан осонлик билан қўлга киритилган ғалабалар Соннини шон-шуҳрат чўққисига олиб чиқди. Ўша давр учун Листоннинг рекорди ақлбовар қилмас даражада эди – 35 ғалаба, 25 нокаут. Қисқа вақт ичида Листон ҳеч қайси рақиби унга қарши рингга чиқишни хоҳламайдиган чемпионга айланди. Масалан, чемпионликка асосий даъвогарлардан бири бўлган Генри Купер Клей-Листон жангидан олдин берган интервьюсида, ушбу жанг ғолиби Клей бўлсагина унга қарши чемпионлик жангида қатнашишни айтиб ўтган.

Табиатан оғир-вазмин характерга эга Листон жуда кам интервью берар, ОАВларда деярли кўриниш бермасди. Чемпионликка даъвогар бўлган Кассиус Клей эса аксинча, матбуот марказида бўлишни хуш кўрадиган 22 ёшли боксчи эди. Кассиус 1960 йилда ўтказилган Рим Олимпиадасида оғир вазнда олтин медални қўлга киритган, тезкор қўл ва оёқ ҳаракатларига эга, ўзига ишончи энг юқори даражада бўлган жангчи эди. Шунга қарамай, 1963 йил Клей учун кўнгилдагидек кечмади: у 10 раунд давом этган жангда Дауг Жонсга очколар ҳисобида имкониятни бой берди, кейин эса Генри Купер томонидан нокаутга учратилди.

1963 йилнинг 5 ноябрида Листон ва Клей жанг шартномасига имзо чекдилар. Жанг 1964 йилнинг 25 февралида Кассиус истиқомат қилаётган ва машғулотлар олиб бораётган Майамида ўтказилиши келишиб олинди. Жанг олдидан Клай Листонни енгишига жуда озчилик ишонарди, унинг ғалаба қозониш эҳтимоли атиги 1/7 нисбатда баҳоланди. Спорт ёзувчилари уюшмасининг журналистлари орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 46 аъзодан қарийб 43 таси Листоннинг муваффақиятга эришишини тахмин қилган.

Клей жангдан олдин мунтазам равишда Листонга қарши провокация ишларини олиб борди. У атайлаб автобус сотиб олди ва унинг устига “Листон 8-раундда нокаутга учрайди”, деб ёздирди. Кейин эса тунда Листоннинг уйи атрофига ўша автобусда бориб, ҳақоратли сўзлар билан Соннининг тинчини бузди. Кассиус рақибининг шаънига ҳурматсизлик қилиб, уни “бесўнақай айиқ”, деб масхаралади. Клейнинг бундай хурмача қилиқлари ва доимий тарзда Листонни 8-раундда нокаут қилишини айтиб мақтаниши натижасида Сонни жангга ўта асабий кайфиятда етиб келди.

400px-Clay-Liston_predictions

Жангдан бир ой олдин Кассиус Ислом Ҳамжамиятининг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган йиғилишларидан бирида нутқ сўзлади. Шу воқеадан сўнг Клей ва ислом дини ҳақидаги хабарлар кўплаб нашрларнинг биринчи саҳифасини эгаллади. Боксчи асосий вақтини Ислом Ҳамжамияти раҳбари, жаноб Малколм билан ўтказа бошлади.

Бу пайтга келиб жангни ташкил қилаётган промоутер – Билл Макдональд бу хабардан қаттиқ ташвишга тушиб қолди. Чунки у даврда АҚШда мусулмон дунёси ва оқ танли фуқароларга нисбатан салбий муносабат шаклланган бўлиб, бу ўз навбатида, Листон-Клей жангидан тушадиган мўмайгина маблағни хавф остига қўйиши мумкин эди.  Билл Клейни Ислом Ҳамжамияти билан алоқаларини тўхтатишга чақирди, аммо боксчи бунга рози бўлмади. Промоутернинг саъй-ҳаракатлари натижасида ислом уюшмаси шаҳардаги фаолиятини тўхтатиб, бошқа жойга кўчиб кетди. Кассиус эса ислом динини қабул қилишини Листонга қарши жанггача эълон қилмаслик мажбуриятини олди.

Кассиус Клей жангдан олдинги матбуот анжумани ва вазн ўлчаш маросимига жуда асабий ҳолатда етиб келди. Унинг ўзини тутиши жойида эмасди, шунинг учун жанг комиссияси уни 2500 доллар миқдорида жаримага тортишди. Тиббий текширув давомида унинг юраги минутига 120 марта ураётгани, қон босими эса 200/100 кўрсаткичда бўлганини кўрсатди. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, Клей жангдан олдин руҳий зўриқиш ва ҳиссий беқарорлик ҳолатида бўлган. Тиббий комиссия раҳбари Александр Роббинс Кассиуснинг қон босими меъёрига қайтмаса, жанг бекор қилинишини эълон қилди. Аммо бир соатдан сўнг ўтказилган текширувларда Клейнинг қон босими ва юрак пульси нормада эканини кўрсатди. Аслида, буларнинг барчаси Клей томонидан уюштирилган ҳийла эди.  Кейинчалик Клей бу ҳақида “Листон мендан эмас, ўзимни тутишимдан қўрқарди” – деб айтганди.

Жанг Кассиуснинг ҳаракатчанлиги билан бошланди. Унинг жеб зарбалари тезкорроқ ва самаралироқ эди. Клейнинг тезкор комбинациялари олдида  Листоннинг зарбалари секин кўринар, оғир зарбалари эса кўзлаган нуқтага етиб бормасди. Кассиусни 3-раундда ҳужумкор жангга тўлиқ ўтиши натижасида Листоннинг ўнг кўзи остида жароҳат излари пайдо бўлди, чап кўзи остида эса ёриқ очилди. 4-раундда ҳам Клей яхши ишлади, масофани яхши ҳис қилди ва Листонга деярли имконият қолдирмади.

LIston-Clay-Ali2222

Аммо у раунда тугагач, ўз бурчагига қайтди ва ноодатий тарзда кўзини юмиб оча бошлади ва кўзлари худди нимадандир ёнаётганини айтди. Унинг мураббийи Анхело Данди эса унинг кўзини сочиқ билан ишқалаб, ҳаммаси жойида эканини уқтириб, Кассиуснинг кўзига бироз сув сепди. Кейинчалик берган интервьюсида Анхело Клейнинг кўзини қўли билан ишқалаб, сўнг ўз кўзига теккизганини ва ўзининг кўзи ҳам оловдек ёна бошлаганини эслаб ўтган.

Кўпчилик буни Листоннинг мураббийи унинг жароҳатлари учун фойдаланган модда билан боғлайдилар. Анхело Дандининг фикрича, ўша модда Листон клинчга кирганида рақибининг танасига ишқаланади ва ёқимсиз ҳолат келтириб чиқаради.

Ўша даврнинг яна бир супер оғир вазнли боксчиси Эдди Мейчан ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлайди: “Бу ҳолат Листонга қарши 1960 йилда ўтказилган жангимда менда ҳам кузатилган. Менинг кўзимдаги оғриқ туфайли бошим худди отилиб кетаётгандек эди, Листонга қараганимда эса, у буни сезаётгандек туюларди. Ўйлашимча, Листоннинг секундантлари номаълум моддани унинг елкасига суриб қўйишар, Листон мен билан клинчга кирганда, унинг елкаси орқали юзимга ва кўзимга ишқаланиб, ачишиш ҳосил қиларди. Клей бу ҳолатда бақириб, Соннининг ҳийласи иш бераётганини рақибига сездириб, хатога йўл қўйди. Мен Кассиусга нисбатан тажрибалироқ боксчи эдим, шунинг учун буни сездирмасликка ҳаракат қилганман.

Листоннинг мураббийи Поллино кейинчалик мухбир Жек Маккиней билан бўлган суҳбатда 4-раунд олдидан Листоннинг қўлқопига ачиштирувчи моддани ишқалаб қўйганини тан олган.

Шунга қарамай, бешинчи раундни Клей оғир зарбалар қабул қилмаган ҳолда якунлади. Олтинчи раундга келиб, Клейнинг кўзларидаги оғриқ йўқолди ва жанг назоратини бутунлай ўз қўлига олди, натижада кўплаб салмоқли зарбалар беришга эришди.

Liston-in-corner

Шу раунд сўнггида Листон секундантларига елкасидаги жароҳати безовта қилаётганидан шикоят қилди ва жангни ортиқ давом эттиролмаслигини билдирди. Листон еттинчи раундга чиқмади ва Клей техник нокаут билан ғолиб, деб эълон қилинди. Кассиус дарҳол ринг марказига сакраб бориб, қўлларини юқорига кўтарди ва ғалаба рақсини ижро этди. Сўнгра ринг арқонлари узра “Мен энг буюкман! Мен дунёни лол қолдирдим!”, – дея ҳайқирди.

“The Ring” нашри Клей-Листон жангини “Йил жанги”, деб эълон қилди. Кейинчалик ушбу тўқнашув “Ўн йиллик жанги” ва “Ўн йилликнинг сенсацияси”, деб ҳам топилди.

Жангдан сўнг Листон дарҳол Сан Францис касалхонасига олиб борилди ва 6 соатдан сўнг чап кўзига олтита чок тушган, чап қўли эса қўлтиқтаёққа суянган ҳолда кўриниш берди. Саккиз нафар шифокорнинг хулосасига кўра, Листоннинг елка мушаги шикастланганди. Доктор Александр Роббинс жангнинг ўз вақтида тўхтатилганини эътироф этди.

Майами бокс комиссияси дастлаб, Листонга жанг учун келишилган гонорарни беришдан бош тортди. Шифокорларнинг хулосалари тақдим этилгач, комиссия ҳаммаси жойида эканини билдириб, Листонга гонорари берилди.

Сонни Листоннинг маслаҳатчиси Жек Нилон боксчининг жароҳати жангга тайёргарлик даврида орттириб олинганини, лекин улар турли хил ўринсиз танқидларга учрашни истамаганликлари туфайли жангни ўз вақтида ўтказилганини айтиб ўтди.

111-Ali-Ali-vs-Liston-Clay

Орадан йиллар ўтиб, Дэвид Ремник “Дунё қироли: Муҳаммад Али ва Америка қаҳрамонининг порлаши” номли китобини ёзиш давомида Листоннинг секундантларидан бири билан суҳбат қилди ва Соннининг собиқ вакили елкадаги жароҳатни шунчаки уйдирма эканини ошкор қилди: “Елкадаги жароҳат шунчаки тўқилган эди. Биз Клей билан қайта жанг қилиш ҳақидаги шартнома бандига эга эдик. Ўйлаб кўринг, шунчаки жангда таслим бўлган боксчига ким реванш жангини берарди. Елкадаги жароҳат билан боғлиқ гаплар шунинг учун ҳам ўйлаб топилганди”.

1964 йилнинг 27 февралида Кассиус Клей ўзини Ислом Ҳамжамиятининг аъзосига айланганини эълон қилди: “Мен бу эътиқод йўлига беш йил олдин Элижа Муҳаммаднинг радиодаги суҳбатларидан бирини эшитиб қолганимдан сўнг ўтганман. Мен уларнинг барча аъзоларининг фикрларини эшитдим ва ҳеч ким уларнинг хато йўлда эканини исботлаб бера олмади. Шунинг учун ҳам мен тўла-тўкис шу эътиқод йўлида яшашга аҳд қилдим”. Унинг аъзолиги ҳақидаги хабар дастлаб бир кун олдин Чикагода бўлиб ўтган Ислом Ҳамжамиятининг йиллик йиғилишида ҳаракат етакчиси Элижа Муҳаммад томонидан эълон қилинганди.  

Клей дастлаб ўз исмини “Кассиус Х” га ўзгартирди, чунки ушбу жамият аъзолари ортиқ собиқ қулдорлик оилаларидаги фамилияга эга бўлишдан воз кечишганди ва ҳаммаси “Х” фамилиясини олишганди.

1964 йил 6 мартда Элижа Муҳаммад радиодаги нутқлардан бирида Кассиуснинг исми “Муҳаммад Али”га ўзгарганини эълон қилди. Муҳаммад “барча мақтовларга лойиқ”, Али эса “энг олий” деган маънони англатарди.

Жангдан олдин Листон яққол фаворит сифатида кўрилгани ва тушунарсиз тарзда мағлуб бўлгани туфайли жангни келишганликда гумонланиб, текширув ишлари олиб борилди, аммо буни тасдиқловчи бирорта далил топилмади. АҚШ Сенатининг жиноий ишлар бўйича махсус қўмитаси жангдан уч ой ўтгач, барча овозли хабарларни эшитиб кўрди ва унда ҳам ҳеч қандай далил топилгани йўқ. Ушбу ғоя кейинчалик ҳам исботланмади ва спорт журналистларининг барчаси жангнинг келишилганини рад этишди.

Жангдан кўрилган фойда 4,5 миллион долларни ташкил этди ва бу кўрсаткич билан Клей-Листон ўша даврдаги энг фойда келтирган икки жангдан бирига айланди. Ушбу жангдан собиқ чемпион Сонни Листон 1,3 миллион доллар, Муҳаммад Али (собиқ Кассиус Клей) эса 300 минг долларга эга бўлдилар.

Давоми бор…..

Инглиз тилидан Бекзод Низомиддинов ва Жалол Аҳмедов таржимаси

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×