Осиё чемпионатининг олти медали ёҳуд Ибрагимов жаҳон чемпионини тахтдан ағдарди

 

Ҳиндистонда катталар ўртасида юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иккита олтин, битта кумуш ва учта бронза, жами олтита медалга сазовор бўлди.

Юнон-рум кураши усталари баҳсида саксон нафар полвон ғолиблик учун куч синашди. Ўзбекистон терма жамоаси кучли таркиб билан қатнашганига қарамай, финалгача етиб борган курашчи топилмади. Бу гал Оғир вазнли полвонларимиз мухлислар ишончини қисман оқлади.

98 ва 130 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан юнон-рум кураши учталари - Рустам Ассакалов ва Мўминжон Абдуллаев шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.

Рустам Ассакалов бунгача 84 ва 85 килограмм вазн тоифасида икки маротаба Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпионати финалчиси бўлганди. Ҳар ҳолда бу йилдан эътиборан вазнини кўтарган полвонимиз учун учинчи ўринни муваффақиятли уриниш дейиш мумкин.

Мўминжон фаолияти давомида иккинчи маротаба қитъа чемпионати совриндори бўлди.

Ўзбекистонлик эркин кураш усталари қитъада энг кучлилардан эканини яна бир карра исботлашди. Айниқса, 74 килограмм вазн тоифасида рақибларига ҳеч қандай имконият бермаган Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпионати совриндори Бекзод Абдураҳмоновнинг кураш усули ҳаммага манзур бўлди. Полвонимиз Осиё чемпионатларидаги мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда.

97 килограмм вазн тоифасида Олимпия ўйинлари совриндори бўлган Магомед Ибрагимов бу оғирликдаги дунёнинг энг кучли курашчисини тахтдан ағдарди. Жаҳон ва Осиё чемпиони эронлик Ҳусайн Шағбозигазвар финал учрашувида ҳамюртимизнинг устунлигини тан олишга мажбур бўлди.

Олимпия ўйинлари совриндори Ихтиёр Наврўзов яна биринчи ўринни эгаллай олмади. Истеъдодли курашчимиз шу пайтгача кадетлар ва ўсмирлар ўртасида ҳам қитъа биринчилининг кумуш медалини қўлга киритганди. Катталар ўртасида эса Осиё чемпионатларида бунгача иккита кумуш ва битта бронза медални қўлга киритган эди.

Ўз вақтида Осиё чемпиони бўлган Умиджон Исманов бу гал учинчи ўрин билан кифояланди.

Аёллар кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари бу гал совринлар ўринларга кўтарила олмади.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!